Нурафшон шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акцияси ўтказилди. Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, меҳнат жамоаларидан вакиллар, нуронийлар, ёшлар ва кўнгиллилар иштирок этди.
Ҳудудда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари ташаббуси билан бунёд этилаётган “Зиёлилар боғи” ижобий тажриба сифатида баҳоланди. Акция доирасида қарийб 6 минг туп кўчат ўтқазилди. Жараёнда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев қатнашди.
***
Тошкент вилояти прокурори А.Мирзаев Бўка, Бекобод туманлари ҳамда Бекобод шаҳрида фуқаролар хавфсизлиги, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, коррупциявий жиноятларга барҳам бериш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маҳаллий ҳокимият, прокуратура, ИИБ ва бошқа мутасадди идора раҳбарлари билан суҳбатлашди.
Маълумки, ҳудудларда криминоген вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир қилувчи асосий омиллардан бири бўлган ишсизликка барҳам беришда маҳаллий корхона ва йирик ишлаб чиқарувчилар қувватини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф қилиш юзасидан вилоят прокурори Бўка туманидаги дуккакли дон, олхўри ва майизни қайта ишловчи корхоналар, пахта-тўқимачилик кластери раҳбарлари билан суҳбатлашди. Маллабой маҳалласида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ишлар ташкил этилганлик ҳолати билан танишди.

***
Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизими ҳавза бошқармасида “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги” мавзусида семинар ташкил этилди.
Ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни ривожлантириш соҳасидаги мутахассислар, давлат хусусий шериклиги бўйича масъуллар ҳамда тадбиркорлар учун ўтказилган семинарда тармоқларда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, жорий йил Тошкент вилоятидаги 17 та насос станцияларида давлат хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бу бўйича хусусий шериклар ҳам аниқланган.

Семинарда мутахассислар томонидан мазкур лойиҳалар юзасидан хусусий шерикларга тушунчалар берилди. Шунингдек, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизими ҳавза бошқармаси ҳисобидаги ирригация объектларида рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш ва такомиллаштириш бўйича ҳам қатор масалалар муҳокама қилинди.
А.Мусаев, ЎзА