Маълумки, ОКМК фаолиятидаги барча соҳаларга рақамлаштириш кенг жорий этилмоқда. Наврўз байрами арафасида Рақамлаштириш департаменти ҳамда Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида “Е-метрология” дастурий таъминоти ишлаб чиқаришга татбиқ этилди.
“Рақамли ОКМК-2030” дастури доирасида ишлаб чиқилган мазкур тизим ёрдамида комбинат таркибий бўлинмаларидаги 35 мингдан зиёд ўлчаш воситаларига автоматик тарзда метрология хизматларини кўрсатиш (қиёслашдан ўтказиш) амалга оширилиши ҳамда ишлаб чиқаришнинг метрологик таъминотида ташкилий вазифалар рақамлаштирилиши кўзда тутилган.
Дастур тўлиқ ишга тушиши ишлаб чиқаришни метрологик таъминлаш, ўлчаш воситаларини ишончли ҳисобга олиш ва назорат қилиш имконини беради. Ҳозирги кунда корхоналардаги метрология хизмати мутахассислари ва ўлчаш воситаларига масъуллар билан қайд этиш ишлари олиб борилмоқда.
***
Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Бутунбаев Оққўрғон туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси ҳамда маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишлар билан танишди.

Мазкур тумандаги 21 та МФЙда яшовчи 4 минг 867 нафар фуқарога жами 1 минг 658 гектар ер майдони ижара асосида берилган. Ҳозирда тумандаги коллектор-дренаж тармоқларида ўрдак боқишни йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланган. Вазирнинг биринчи ўринбосари туманнинг “Қаҳрамон”, “Қўрғонтепа”, “Зарбдор” МФЙдаги фуқароларнинг томорқаларини бориб кўрди. Туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ масъулларига аҳолига томорқаларини суғориш учун ўз вақтида сув етказиб бериш, ички ариқларни тозалаш бўйича топшириқлар берилди.
***
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Ўзбекистон Гандбол федерациясининг ҳудудий бўлимлари раислари ва ижрочи директорлари учун қисқа муддатли ўқув курси ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов томонидан жараён очиб берилди. Унда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов, Спорт ўйинлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Жасур Акрамов, Ўзбекистон Гандбол федерацияси Бош котиби, Осиё Гандбол федерациясининг ривожланаётган мамлакатларда гандболни ривожлантириш комиссияси раиси Исмоил Матхолиқов, университет проректорлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда федерация масъуллари иштирок этди.
Мазкур ўқув курсида гандбол спорт турини янада ривожлантириш, истиқболли режалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, мамлакатимизда спорт ўйинлари бўйича ўтказиладиган мусобақалар тизимига янгича ёндашувларни киритиш ҳамда спорт тадбирларини самарали ташкил этиш ва ўтказишда бошқариш маҳоратига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
А.Мусаев, ЎзА