Чирчиқ давлат педагогика университетида Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия Исроилова таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Баҳор келди, сени, сўроқлаб” номли байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Н.Нормирзаева, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир, Республика маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари С.Тўхтаев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлим раҳбари Р.Шералиев иштирок этди.
Унда Зулфиянинг шеърларидан намуналар ўқилиб, талабалар ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.
***
Қўшни давлатдан юртимизга “Яллама” чегара божхона пост орқали фуқаро бошқарувида кириб келган автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Божхона кўриги натижасида, автотранспорт воситаси салонида йўловчи божхона ҳужжатларида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва рухсат берувчи ҳужжатлари бўлмаган 2 дона “Hatsan” номли 4,5 миллиметр калибрли пневматик милтиқ ва 500 дона ўқ борлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
***
Янгийўл шаҳар туманлараро перинатал марказида вазни 7 килограмм 3 грамм бўлган қиз бола чақалоқ дунёга келди. Унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Она кесиш орқали туғдирилган, бу унинг тўртинчи фарзандидир.

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаеванинг маълум қилишича, ҳозирда она ва бола шифокорлар назоратида. Бундай ҳолат ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам Нурафшонда кузатилган бўлиб, сал кам 7 килограммлик вазндаги ўғил бола чақалоқ туғилган эди.
***
Тошкент вилоят судида ҳудуд миқёсида фаолият олиб бораётган давлат ташкилотлари ва тижорат банклари ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Нилуфар Акбарова ва фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг судьяси Ойбек Баракаев сўзга чиқиб, суд амалиётида меҳнат низоларининг сезиларли даражада ошгани, бу ҳолат меҳнат қонунчилиги талаблари аксарият ҳолатларда иш берувчи томонидан бузилиши оқибатида давлат манфаатларига зарар етказилишига сабаб бўлаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, семинар қатнашчиларига суд амалиётида меҳнат низоларини ҳал этиш тартибига оид тушунтиришлар берилди ва қатнашчиларни қизиқтирган масалалар юзасидан мулоқот бўлди.
А.Мусаев, ЎзА