
Ангрен шаҳар Тиббиёт бирлашмаси туманлараро қўшма жароҳат ва ўткир қон-томир касалликлари марказий биносининг жарроҳлик бўлими “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокими Алишер Райимов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуд фаоллари, соҳа мутахассислари қатнашди. Охирги йиллар ҳудудда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий муассасалар барпо этиш ва зарур анжомлар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, “Ташаббусли бюджет” туфайли мазкур Жарроҳлик бўлимида 50 та ўринли хона беморлар ихтиёрида. Бундан ташқари, муолажа учун ҳамда шифокорлар, ҳамширалар учун ҳам хоналар таъмирланган.

***
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгашида Тошкент вилояти бўйича “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичини шакллантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Видеоселектор шаклида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари С.Артикова, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясидан бириктирилган вакил А.Йўлдошев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси С.Файзиева, Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Турсунов, вилоят штаби аъзолари, тегишли бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, “Маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Тошкент вилоятида “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи якунлари ҳамда 6-босқичи бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳамда Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг баёнида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Хусусан, жорий йилнинг 6 январидан бошлаб 30 ёшдан юқори бўлган 69 минг 6432 нафар хотин-қизлар “Маҳалла еттилиги” томонидан хатлов ўтказилиб, анкета сўровномалари тўлдириш ишлари олиб борилмоқда. Мулоқотда мазкур жараёнда аниқланаётган масалаларни тегишли тартибда ҳал қилиш борасида сўз юритилди.


***
Тошкент вилояти ҳокимининг топонимик объектларга ном бериш борасида тўпланиб қолган муаммолар, соҳага алоқадор тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича топшириғига асосан Оҳангарон туманида семинар ўтказилди. Унда шу йўналишга масъул мутасаддилар топонимик объектларни қайд этиш, номлаш, рўйхатга олиш борасидаги фикрлар билдирилди.
Бунда асосий эътибор соҳага доир миллий қонунчилик базасидаги меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, киритилган янгиликлар тушунтириб ўтилди. Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳроров топонимик объектларни номлаш ва рўйхатга олиш борасидаги тартиб-таомил, ҳамкорлик механизми бўйича маълумот берди. Хусусан, жойларнинг номи ҳар жиҳатдан мантиқий, асосли, энг асосийси, маҳаллий аҳолининг фикрини мужассам қилган ҳолда танланиши таъкидланди. Бу борада хато ва камчиликларга йўл қўяётган ҳудуд мутасаддилари огоҳлантирилди.
Бундан ташқари, вилоят маҳаллаларидаги бир хил номдаги кўчаларни қайта номлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу ишларни амалга ошириш тартиби тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.


***
Шу кунларда туман-шаҳарлар бўйлаб “Меҳнат ярмарка”лари ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Бекобод шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда ИИБ Пробация гуруҳи билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда ҳудудда фаолият юритаётган 15 та корхона ва ташкилот томонидан 150 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф қилинди.


Унда 60 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этиб, ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Хусусан, 12 нафар фуқаро қайта касбга ўқитишга жалб қилинди, 38 нафар фуқарога эса, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА