“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024-йил 2-мавсуми якунланди. Унда вилоятдан 203 миллиард сўмдан ортиқ 181 та лойиҳа ғолиб, деб топилди. Мазкур маблағлар эндиликда маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва оқава тизимини яхшилаш, ободонлаштириш ва спорт тадбирлари учун сарфланади.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, Паркент тумани, Олмалиқ, Чирчиқ, Бекобод шаҳарлари энг фаол ҳудудлар ҳисобланмоқда. Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмаси “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йил биринчи босқичи ғолиби сифатида замонавий тиббий ускуналар ва қурилмаларга эга бўлади. Жумладан, 3 та ультратовуш текширув аппарати, 2 та ЭКГ, 8 та принтер, 8 та компьютер воситаси харид қилинди.
***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан қўшни давлатдан юртимизга ўтиш учун “Фарҳод” чегара божхона постига пиёда кириб келган икки фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилди.

Натижада оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган биринчи фуқаро шими чўнтагида 137 грамм қуйма олтин металл ва у билан бирга ҳаракатланиб келган иккинчи фуқаронинг қўл сумкасида 130 грамм заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***

Нурафшон шаҳрида тест синовларини ўтказишга мўлжалланган павилён қурилиши бошланди. Умумий 1,56 гектар майдонда жойлашган мазкур иншоотнинг умумий қиймати 22,7 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилади. Бунинг учун давлат ва маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши режа қилиниб, қурилиш ишлари йил охиригача якунланиши кўзда тутилган.
***
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Хитойнинг Тианжин спорт университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.



Шу мақсадида мазкур олийгоҳ вице-президенти, профессор Чжан Вейгуо бошчилигидаги делегация вакиллари Чирчиқ шаҳрига келди. Фахрий меҳмонлар ЎзДЖТСУнинг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Жасур Зарифбоев томонидан муносиб кутиб олинди. Учрашувда икки томон вакиллари ўртасида халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ушу, бадминтон каби спорт турлари бўйича тажриба алмашиш борасида таклифлар илгари сурилди. Томонлар ўртасида спорт ва жисмоний тарбия соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
А.Мусаев,ЎзА.