Воқеа куни кеча соат 16:00 да Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтган 4Р6 “Тошкент-Чирчиқ-Чимён” автомобиль йўлининг 51-километри, Ғазалкент шаҳрида жойлашган тўғон устида содир бўлган. Ҳайдовчи 1996-йилда туғилган О.Ш. бошқарувидаги “Jetaur” русумли транспорт воситасида рул бошқарувини йўқотиб Оқтош кўпригидан Ғазалкент сув тақсимлаш иншоотига тушиб кетган. У сувга тушган вақтда автоуловдан чиқиб олишга улгурган.
Ҳодиса вақтида транспорт воситасида ҳайдовчидан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Айтилган манзилга ФВВ қутқарувчилари етиб бориб, махсус техника ёрдамида автомобиль сув тақсимлаш иншоотидан олиб чиқилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
* * *
Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси маълумотига кўра Тошкент вилояти ҳудудий чегараси ўзгариши мумкин. Хусусан, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан таклиф этилган қарор лойиҳасида вилоятлараро чегара чизиқларига ўзгаришлар таклиф қилинмоқда.



Унга кўра, Сирдарё вилоятининг 5 та (Сирдарё, Сайхунобод, Гулистон Боёвут туманлари ва Ширин шаҳри) ҳудудидан 310,4 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилади. Тошкент вилоятининг 6 та (Чиноз, Қуйи Чирчиқ. Оққўрғон, Бўка, Бекобод туманлари ва Бекобод шаҳри) ҳудудидан 347,2 гектар ер майдони Сирдарё вилояти ҳудудига ўтказилади. Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудидан жами 38,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятига ҳудудига ўтказилади. Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидан жами 26,3 гектар ер майдони Наманган вилояти ҳудудига ўтказилади. Мазкур қарор лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
* * *
Божхона қўмитаси томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун янги тизим синовдан ўтмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги ТИФ божхона постларида жорий йил 12 август кунидан эътиборан божхона кўрикларини божхона ходимларига автоматик тақсимлаш тизими синов тариқасида ишга туширилади.

Ҳодимларнинг доимий равишда айнан бир тадбиркорнинг юкларини сурункали божхона кўригидан ўтказиш ҳолатларига чек қўяди. Янги тажрибанинг яна бир муҳим жиҳати шуки, божхона кўриги ходимлари қайси тадбиркорнинг юкларини божхона кўригидан ўтказишини олдиндан билган бўлса, эндиликда янги тизим бу каби ҳолатларни олдини олади. Шу ўринда тадбиркорлар ўзларининг шахсий электрон кабинети орқали ташқи савдо юкларининг божхона кўригидан ўтказиш бўйича буюртманома бериш имконияти яратилган бўлиб, тадбиркорлар ўзларига маъқул вақтда божхона кўригини амалга оширишга тайёрлигини билдиради.
А.Мусаев,ЎзА.