Ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида қурилаётган янги металлургия мажмуасига дунёнинг илғор компаниялари томонидан замонавий технологияларни татбиқ қилиш мақсадида, ОКМК ва “Metso” (Германия, Финляндия) компанияси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Томонлар белгилаган шартлари бўйича ускуналар ва лойиҳа хизматларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди. Хусусан, “Metso” компанияси томонидан эритиш печи ҳамда сулфат кислотаси цехи учун ускуналар етказиб берилади ва ишчи ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги металлургия мажмуасининг режалаштирилган йиллик ишлаб чиқариш қуввати 300 минг тонна мис катоди ва 1,8 миллион тонна сулфат кислотасини ташкил этади.
Маданий бойликларни олиб чиқишга бўлган уринишга чек қўйилди
Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги 678-I-сон қонунига мувофиқ эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас. Юртимиздан қўшни мамлакатга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда кириб келган фуқарога тегишли бўлган қўл юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Натижасида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда божхона ходимига маълум қилинмаган қиймати 1 дона тиббиёт анжом, 1 дона микроскоп ва 4 дона самовар борлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Бадиий экспертиза бошқармасининг эксперт хулосасига кўра анжомлар 1920 йилда ишлаб чиқарилганлиги аниқланиб, республикамиз ҳудудидан олиб чиқилиши таъқиқланган маданий бойликлар сирасига кириши тасдиқланди.
Йигирма уч ёшли аёл тўрт эгизаклик бўлди
Тошкент туманида яшовчи 23 ёшли аёл 4 нафар эгизак (3 қиз,1 ўғил) фарзандли бўлди. Республика Перинатал марказида ўтказилган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Ҳозирда она ва болалар ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят бошқармаси томонидан назоратга олинган. Керакли барча муолажалар давом этмоқда. Чақалоқлар интенсив даволаш муолажаларини олмоқда.

Уюшмаган ёшлар билан учрашув
ДХХ чегара қўшинларига қарашли Тошкент туманида жойлашган ҳарбий қисм раҳбариятига бириктирилган чегара яқинидаги “Кўксарой” ва “Олтинтепа” МФЙда яшовчи уюшмаган ёшлар билан “Командир ва ёшлар учрашуви” ўтказилди. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 сентябрдаги “Уюшмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ягона ёндашув асосида ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси асосида ташкил этилган тадбирда уюшмаган ёшларнинг таклифлари тингланди.

Шундан сўнг ёшлар ҳарбий қисмда яратилган шароитлар билан танишди. Ҳарбийлар томонидан давлат чегарасини қўриқлашда фойдаланиладиган ҳарбий техника кўргазмаси билан танишди. Ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар ёшларда катта таассурот қолдирди.
А.Мусаев, ЎзА.