Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ўртасида “Йилнинг энг намунали маҳалла етакчиси” танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда мазкур танловнинг туман ҳамда шаҳар босқичида сараланган жами 220 нафар етакчилари қатнашди.
Иштирокчилар ўнта йўналиш бўйича билимларини синовдан ўтказди. Шу билан бирга, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ёшлар маркази атрофига кўчатлар экилди ҳамда “Ош чемпионати” танлови ташкил этилди. Танлов якунида ғолибларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари, шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан ташаккурномалар топширилди.
***
Вилоятда автомобил йўллари тармоғини янада яхшилаш, қатнов йўлларининг техник ҳолати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозир ҳудуддаги автомобил йўллари узунлиги 13 минг 655 километрни ташкил қилади. Шундан 4 минг 45 километри умум-фойдаланув, 358 километри халқаро, 1 минг 354 километр давлат ҳамда 2 минг 333 километр маҳаллий аҳамиятдаги йўллардир. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида барча дастурлар бўйича мазкур йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, тегишли қарорларга асосан маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш бўйича 500 га яқин объектлар битказилди. Дастурдан ташқари жойларда 14 та шағаллаштириш ишлари олиб борилди.
***
Вилоятда жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиғи тўловчилар 558,3 минг нафарни, мол-мулк солиғи тўловчилар сони эса 641,3 минг нафарни ташкил этди. 28 ноябрь ҳолатига 388,4 миллиард сўм ёки 85,5 фоиз мол-мулк ва ер солиқлари ундирилган. Ҳудудлар бўйича, ҳисобланган солиқларнинг кўрсаткичи Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Бўстонлиқ, Зангиота туманларида 90 фоиздан оширилиб ундиришга эришилган. Бошқа ҳудудлардаги мол-мулк ва ер солиғи тўловларини тўлаш мажбуриятига эга солиқ тўловчиларда ана шундай фаоллик сезилмаяпти. Таҳлилларга кўра, вилоят бўйича бугунги кунда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича 182,2 миллиард сўм тўланмай қолган солиқ қарздорликлари мавжуд. Хусусан, туман ва шаҳарлар кесимида, Янгийўл, Оҳангарон, Тошкент, Бекобод, Қибрай ва Бўка туманида бу ҳолатлар юқори.
А.Мусаев,ЎзА.