Тошкент туманидаги Универсал спорт-мажмуасида спортнинг Юнон-рум кураши ва эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда. 24 ноябрь кунигача давом этадиган мазкур мусобақада республиканинг барча вилоятларидан йигирма ёшгача бўлган 450 нафар спортчи қатнашмоқда. Мусобақанинг бошланишида Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг икки нафар тарбияланувчиси фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
***
Вилоятда эҳтиёжманд аҳоли қатлами “Гепатит А” касаллигига қарши бепул эмланади. Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли фармойишига кўра, маҳаллий бюджет ҳисобидан вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига 200 миллион сўм ажратилди. Мазкур ажратилган маблағлар вилоятда ўткир вирусли “Гепатит А” касаллиги бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, аҳолининг эҳтиёжманд ва кам таъминланган қатламини биринчи босқичда касалликка қарши эмлаш харажатлари учун сарфланади.
***
Товар моддий бойликларини ноқонуний йўллар билан мамлакатимизга олиб киришга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, қўшни давлатдан “Ойбек” чегара божхона пости орқали транзит ўтиш учун фуқаро бошқарувидаги “MAN ERF ECT” русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганида, юкланган товарлар орасидан оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўл юк ҳужжатларида кўрсатилмаган 8 дона қопга жойланган 21 турдаги қиймати салкам 38 миллион сўмга тенг бўлган товар моддий бойликлар борлиги аниқланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Оҳангарон туманида “Кадастрчилар боғи” яратилди. Унда Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилоят бошқарма ходимлари томонидан “Унгут” МФЙ ҳудудидан ўтувчи Оҳангарон-Ангрен йўналишининг А-373 магистрал йўл бўйида 0,24 гектар ер майдонида махсус техникалар ёрдамида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 2 минг туп турли навдаги кўчатлар ўтказилди.
А.Мусаев,ЎзА.