Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Пискентда сув таъминотини яхшилаш учун маҳаллаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан тумандаги 9 маҳалла ҳудудида жами 17 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Жойларда 275 назорат қудуқлари, янги сув иншоотлари қурилди, 46,6 километр сув тармоқлари тортилиб, сув иншоотлари таъмирланди. Қолаверса, “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида Ғайрат, Чимқўрғон, Зоминовул, Оқтом маҳаллаларида 28 километр сув тармоқлари тортилмоқда.

***
Тошкент туманининг “Қорасарой” маҳалласида янги “Гулзор” Маданият маркази фойдаланишга топширилди. Тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди. 140 ўринга мўлжалланган маданият марказида турли маданий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун барча шароит яратилган. Шунингдек, бу ерда 10 дан ортиқ маданий тўгараклар, тикувчилик шохобчаси фаолият кўрсата бошлади.
***
Жорий йилнинг 25 июнь куни Бўстонлиқ туманида бир неча “Матиз” русумли транспорт воситаси ҳайдовчилари гуруҳ бўлиб ҳаракатланган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатларни амалга оширган.
Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Шундан сўнг туманда хизмат олиб бораётган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига бўйсунувчи йўл патрул хизмати гуруҳи ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ инспекторлари томонидан ушбу ҳолат аниқланиб, “Матиз” автомобили ҳайдовчиларига маъмурий баённома расмийлаштирилди. Автоуловлар вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилди
***
Вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан Нурафшон шаҳар бош режаси талаблари инобатга олиниб, ҳудуд маркази “Ойбек” МФЙда жойлашган “Амфитеатр” биноси Ангрен шаҳар марказидаги реконструкция қилинаётган “Ёшлар” боғига кўчириладиган бўлди.
Мазкур бино Нурафшон шаҳар ҳокимлиги тасарруфидан Ангрен шаҳар ҳокимлиги тасарруфига беғараз ўтказиб берилади. Объектни кўчириш ҳамда қайта қуриш ишлари билан боғлиқ маблағ Ангрен шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетидан қопланади.
А.Мусаев,ЎзА.