Тошкент вилоятида хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш, жумладан, ижтимоий соҳа объектларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўзида биргина Пискент туманида 6 та янги мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами арафасида Пискент тумани “Дўнгқўрғон” маҳалласида 90 ўринли янги боғча иш бошлади. Шинам ва замонавий бинонинг очилиш маросимига маҳалланинг улуғлари, туман ҳокими ўринбосарлари, мактабгача таълим тизими жонкуярлари ҳамда ҳар жабҳада туман ривожига ҳисса қўшиб келаётган фаоллар қатнашди. Тўйга тўёна билан деганларидек, истиқлол байрами арафасида Лолаариқ маҳалласида марказий ўйингоҳ, “Истиқлол”, “Дўнгқўрғон” ва “Саидобод” маҳаллаларига ҳам янги бинолар фойдаланишга топширилади.

Оҳангарон туманидаги янгиланиш ва ўзгаришлардан аҳоли мамнун. Хусусан, Нурободда яна битта банк биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур 5 қаватли бинонинг икки қавати банк идораси учун мўлжалланган бўлиб, 3-5 қаватлари турар-жой хонадонлари ҳисобланади.
Очилиш маросимида туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев мазкур марказда ишловчи ходимларнинг ҳар бири билан ўз хизмат вазифалари юзасидан алоҳида суҳбатлашиб чиқди. Бир неча ҳафта илгари Нуробод қўрғонида “Ипотекабанк” банк хизматлари маркази очилган бўлса, мустақиллик байрами арафасида “Халқ банки” филиали биноси фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Юқори Чирчиқ туманида ҳам янги ижтимоий соҳа объектлари эл хизмати учун ишга туширилди. Жумладан, “Кавардон” маҳалласида “Омилхон Эшон” жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Қуръон тиловати билан бошланган тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туман ҳокими Ускенбой Атемов, имом-домлалар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Маълумки, мазкур масжид 1 асрдан зиёдроқ тарихга эга бўлиб, ўша вақтлар эски масжиднинг биноси сиғими 200-250 киши бўлган. Ҳозир масжидда 600 нафар намозхон бемалол ибодатларини адо эта олади. Бу ерда зарур барча шароитлар яратилди.
А.Мусаев,ЎзА.