Ўзбекистон Фанлар академияси ва Янги Ўзбекистон университети ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда университет талабалари учун амалий сафар – пресс-тур ташкил этилди.
Ушбу сафар давомида қатнашчилар Тошкент вилоятида жойлашган бир қатор тарихий ва археологик ёдгорликлар, хусусан, Пискент туманидаги “Қорихона” ёдгорлиги, Оҳангарон туманидаги Тункат ва Суюрлитепа ёдгорликларида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар жараёни билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Дастлаб журналистлар Олмалиқ кон металлургия комбинати маданият саройининг фаолияти билан танишдилар. Маданият саройида иккита музей жойлашган бўлиб, биттасида Тункат ва Суюрлитепа археологик ёдгорликларидан топилган осори атиқалари жамланган.

Сўнг XVI асрга тегишли Қорихона археологик ёдгорлиги таништирилди.
Ушбу ёдгорлик — Қурама тизмасининг шимолий қисмидаги Олмалиқ шаҳридан жанубий-шарққа қараб кетадиган 26 км. масофада (Қовулди кони яқинида), Нанайсойнинг чап қирғоғида жойлашган. Ушбу ўн олти метр баландликдаги дўнгликнинг ичи ўйилиб, уч қаватли ҳолда 18 та ҳужра ҳозирланган. Ҳар бир қаватнинг ўртаси ўн метрли хоналараро хизмат қилувчи йўлак, икки ёнда эса учтадан ҳужра мавжуд. Қаватлар орасида оддий соз тупроқ зинага айлантирилган. Шимол томондан биринчи қаватга кираверишдаги дастлабки чап ҳужрада эшон — Эшмат Ҳожихон эшоннинг жасади кўмилган. 1934 йилда профессор М.Е.Массон томонидан ўрганилган ушбу иншоотнинг ҳайратланарли жиҳати шуки, унда бирорта ёғоч, ғишт, тош, гувала ёки лой ишлатилмаган.

Тункат Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган сўнгги антик ва илк ўрта асрлар (IV-XII)га тегишли манзил ҳисобланади ҳам денгиз сатҳидан баландлиги 607 м жойлашган, майдони эса 180 га тенг.
Оҳангарон водийсининг қадимги ва ўрта асрларда маъдан ишлаб чиқариш тармоқлари юксак даражада ривожланган иқтисодий-хўжалик, саноат маркази ҳисобланган. Тункат тоғ саноати, яъни қора ва рангли металл хомашёси ишлаб чиқаришга ихтисослашган марказий шаҳридир.
2024 йилда топиб ўрганилган Тункат ёдгорлигининг шаҳристон қисмидаги устахона ўрнида жорий йил май ойида тадқиқотлар олиб борилиб, деҳқони Муҳаммад ибн Мансур фармонига кўра зарб этилган мис танга аниқланган. XII асрга тегишли бу Тункатда ўша даврларда зарбхона мавжуд бўлганлигини тасдиқлайди.

Энг дастлабки материаллар милоддан аввалги I минг йилликнинг биринчи ярмидан қолган бўлиб, бу давр Харашкет каби шаҳарларнинг гуллаб-яшнаган даврига тўғри келади. Синхрон қатламларда Чоч жанубий йўллар бўйлаб бошқа шаҳарлар ҳам мавжуд. Бироқ, Тункатнинг ушбу даврда мудофаа деворлари қайд этилмаган, шунинг учун у мустаҳкамланмаган қишлоқ сифатида фаолият юритган бўлиши мумкин. Унинг водий маркази ва конларга олиб борувчи йўллардаги жойлашуви шаҳарнинг тез ривожланишига ва мустақил давлат сифатида шаклланишига олиб келган.
Суюрлитепа ёдгорлиги эса — Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Қорабулоқ қишлоғида жойлашган. У Илоқ мулкчилигининг муҳим шаҳарларидан бири ҳисобланиб, сўнгги антик, илк ва ўрта асрлар даврига оид ёдгорлик (IV-XII)дир. Денгиз сатҳидан баландлиги 752 м.да жойлашган. 1960 йилда академик Й.Ф.Буряков томонидан қайд этилган Суюрлитепанинг номи Севилтепа ёки Мунчоқтепа шаклида тилга олинади.

Суюрлитепа ёдгорлиги ҳудудининг катталиги жиҳатидан Тошкент воҳасининг Қанқа (Харашкет) (160 га), Тункат (120 га), Банокат (Шоҳрухия) шаҳарларидан кейинги ўринларда турадиган ёдгорликдир. Суюрлитепа ёдгорлигида шаҳарга хос барча элементлар мавжуд бўлган. Мисол учун вағнзе (диний ҳокимият) мулки, арк (арки аъло, кўхандиз), аҳоли турар-жойлари – шаҳристон, шаҳарнинг ташқи қисмида – работ ҳамда шаҳар қабристонлари аниқланган.
[gallery-24362]
Шаҳарда энг йирик қазишма ишлари 2012 йилда ёдгорликнинг шимоли-ғарбий чеккасидаги энг баланд тепаликда, академик A. Aсқаров ва унинг шогирдлари томонидан тадқиқотлар олиб борилган. Натижада бу ер оташпарастлик ибодатхонаси ўрни эканлиги ҳақидаги хулосалар берилган. 2020 йили арк (ҳукмдор қароргоҳи) деб тахмин қилинган қисмнинг шимоли-ғарбий бурчагида 15х20 метр ўлчамдаги ҳудудда қазишма ишлари олиб борилиб, бу жой аркнинг шимоли-ғарбий қисмидаги миноралардан бири (казарма ўрни) эканлиги исботланган. Ёдгорликнинг ёшини аниқлаш мақсадида узунлиги 50 м, эни 5 метр бўлган траншея қазиб тушилган, унинг юқори қатламлари милодий IV асрга оид, энг қуйи қатламлари эса XII асрга оид деган хулосага келинган.

2022–2023 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Тарих институти илмий ходимларидан иборат жамоа томонидан ёдгорликнинг бир нечта нуқталарида қазишма ишлари амалга оширилган. Суюрлитепа аркидан шимоли-ғарбда, ибодатхона мулкига тегишли деб тахмин қилинган нисбатан баландроқ тепаликлардан бири очиб ўрганилиб, бу ер илк ўрта аср зодагонларидан бирига тегишли қаср ўрни эканлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, шаҳарнинг ички ва сув йўллари, шаҳар шаклланишидан олдинроққа тегишли ярим ертўлалардан иборат турар-жойлар, 3 хил давр, турдаги қабрлар очиб, тадқиқ этилган. Натижада Қанғ давлати, Турк хоқонлиги, араблар босқини, сомонийлар, қорахонийлар ва мўғуллар бошқаруви даврига оид бой ашёлар, тангалар, сопол идишлар (сирланган ва сирланмаган лаганлар, косалар, хумлар ва ҳоказолар), камон ўқининг учлари, шиша идишлар, турли хил тақинчоқлар, суякдан қилинган тароқлар ва бошқа кўплаб тарихий буюмлар топилган.

Кейинги тадқиқотлар эса шаҳар ҳудудидаги ҳаёт милодий III – IV асрлардан токи XIII аср бошларига қадар давом этганлигини кўрсатади. Ёдгорлик Шош-Илоқ ҳудудидаги шаҳарларнинг шаклланиши ва ривожланиш суратини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Ушбу қизиқарли тарихий маълумотлар пресс-тур иштирокчиларида катта тассурот қолдирди. Саёҳат иштирокчиларга нафақат илмий тадқиқот жараёнини кузатиш, балки бевосита археологлар ва мутахассислар билан мулоқот қилиш, тарихий объектлар ҳақида ўрганиш ва амалий билимга эга бўлиш имконини берди.

Фанлар академияси ва Янги Ўзбекистон университети томонидан ташкил этилган ушбу ташаббус тарихий меросни сақлаш ва оммалаштириш, ёшларнинг илмга бўлган қизиқишини оширишда хизмат қилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QItBUQTwFig" title="Toshkent viloyati ostidagi tarix: Qazilmalar qanday sirlarni ochmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, А.Алижонов, ЎзА