Тошкент вилояти ғаллазорларида иш қизғин
Ғалла – 2021
Серқуёш юртимизда ёзнинг жазирама кунлари бўлишига қарамай далаларда иш қизғин. Соҳа заҳматкашлари ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан амалга оширмоқда.
Тошкент вилоятида ҳам жорий йил ҳосили учун 106 минг 495 гектар майдонда ғалла парваришланган бўлиб, 267 минг 462 тонна шундан, 239 минг 960 тонна товар дон, 27 минг 502 тонна уруғлик ғалла ҳосилини олиш режалаштирилган.
Айни кунларда 171 та бошоқли дон ҳосилини ўриб-йиғиб олиш бўйича отрядлар шакллантирилиб, уларга 1 минг 200 дона юк ташувчи автомобиль, 46 дона кўчма устахоналар, 60 дона ёқилғи ташиш техникалари бириктирилган. 1 минг 600 нафарга яқин масъуллар, 238 нафар ИИБ ходими ўрим-йиғимда иштирок этаётир.

Вилоятда ғалла ўриш мавсумида қатнашадиган 328 дона комбайнлар марказлашган ҳолда 100 фоиз тўлиқ таъмирланиб, мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган. Мазкур техникаларнинг ишлаши бўйича ҳар бир бириктирилган ички ишлар ходимлари томонидан қатъий назорат ўрнатилди. “Агросервис МТП” МЧЖдан бириктирилган ходимлар томонидан юзага келган носозликлар бартараф қилиб борилади.
Бундан ташқари, комбайнлар ва дон ташиш автомашиналари учун талаб этиладиган дизель ёнилғиси белгиланган тартибда отрядларга бириктирилган ёқилғи ташиш транспортлари орқали етказиб берилади.
Хусусан, Бўка туманида жорий йил ҳосили учун жами 15 минг 150 гектар майдонда ғалла ҳосили етиштирилган бўлиб, хирмонга 43 минг тонна ҳосил топшириш мўлжалланяпти. Шу кунларда Навоий ҳудудидаги “Бўка офарин” фермер хўжалиги далаларида иш қизғин. Хўжаликнинг 25 гектаридан ортиқ майдонида бу йил ғалла етиштирилди. Ғаллакорларнинг саъй-ҳаракати билан 87 тонна дон олиш кутиляпти.
– Ҳудудимиз лалми ерлардан иборат, – дейди “Бўка офарин” фермер хўжалиги раҳбари Фурқат Ўролов. – Шундай бўлса ҳам мавсумда зарур агротехник тадбирларни тизимли равишда амалга ошириб, юқори натижа олишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозир буғдойзорларга келсангиз, олтиндек товланади. Бундай гўзалликни кўриб кўзингиз қувонади. Туман ҳокимлиги, барча масъул ташкилотлар вакиллари билан бирга нес-нобуд қилмай буғдойни йиғиб олишга киришганмиз.
Ғалла ўрими олдидан дала бошида нуронийлар бошчилигида барчанинг қўли дуога очилди. Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа жойларида ҳам давом этмоқда. Жумладан, Пискент туманидаги “Навоий”, “Охунбобоев”, “Қирққизобод”, “Ҳайдаров” ҳудудларида пишиб етилган ғаллазорларда ўрим-йиғим ишлари бошланди. Ҳудудда жорий йил ҳосили учун 191 та фермер хўжалиги томонидан жами 8 минг 805 гектар майдонда ғалла ҳосили етиштирилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўртача ҳосилдорликни 77 центнерга етказиш, умумий хирмонга 63 минг 250 тонна бўлиқ дон топшириш кўзда тутилган. Шундан давлатга 23 минг 633 тонна сара дон сотиш режалаштирилган. Жумладан, “Canta Group agro” МЧЖ кластери билан 31 минг 151 тонна дон топширишга (2 600 тоннаси уруғлик) шартнома қилинган.
Мавсумни қисқа муддатда беталофат якунлаш мақсадида юқори унумли 27 та ғалла ўриш комбайни сафарбар этилди. Шунингдек, донни пешма-пеш хирмонга етказиш ишларига 92 та автомашина, 4 та кўчма устахона ва 4 та кўчма ЁММ ташиш воситалари бириктирилган.
Айни вақтда “Маматқулов Равшан”, “Жўраев Салоҳиддин” фермер хўжаликларида ўрим қизғин кетмоқда.

А.Мусаев, ЎзА