Тошкент тумани ҳокимлигида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда Тошкент тумани ҳудудида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини камайтириш ва ифлослантирувчи газларнинг белгиланган меъёрдан ортиб кетиши сабабларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар, масъул корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда маҳалла раислари, фаоллар иштирок этди.
Йиғилишда тадбиркорларга иссиқхонага фильтр ўрнатиб, фаолият олиб бориш кераклиги ҳақида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, иссиқхона фаолияти давомида атмосфера ҳавосига зарарли газлар чиқарилиб, атроф-муҳитни ифлослантирган тақдирда қонуний чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Инсон саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиши сабабли атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳар доим ташвиш уйғотган. Қайд этиш лозимки, Тошкент тумани ҳудудида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини камайтириш ва ифлослантирувчи газларнинг белгиланган меъёрдан ортиб кетиши сабабларини аниқлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан чора кўриш мақсадида ўрганиш ўтказилган.
Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб 9 та нуқтадан ҳавонинг ифлосланиши бўйича кўчма лаборатория орқали “Эшонгузар” аҳоли яшаш пунктидан Тошкент педиатрия тиббиёт институтигача бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича таҳлиллар ўтказилди ва ифлослантирувчи моддалар миқдори ортиб кетгани маълум бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан ўтказилган мониторингда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб кетган ҳудудда 38 та иссиқхона мавжудлиги, бу иссиқхоналар, асосан, Тошкент тумани Ҳасанбой гузари, Авлиёота, Дархон, Сабзавот, Тутзор, Иқбол, Файзиобод, Қирариқ, Қорасарой ва Чиғатой маҳаллалари ҳудудига тўғри келиши аниқланган.
Соҳа вакилларининг фикрича, ҳавонинг таркиби вақт ва маконда ўзгариши мумкин. Буни атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар, об-ҳаво шароитлари, шунингдек, географик жойлашув белгилайди.
Атмосфера ифлосланишига сабаб бўлувчи омилларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда мавжуд иссиқхоналар ишчи гуруҳ томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Иссиқхоналарни иситиш учун шина, целлофан, парранда гўнги ва бошқа зарарли тутун чиқарувчи ашёлардан фойдаланишнинг олди олиниб, иссиқхоналар дудбуронларига давлат стандартлари талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари (фильтр) ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан жорий йил 10-14-ноябрь кунлари 38 та иссиқхона фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Улардан 29 таси иш фаолиятида экани, 9 тасининг эса иш фаолияти тўхтатилгани аниқланди. Мазкур иссиқхоналарнинг 17 тасида бодринг ва помидор, 9 тасида гул, 2 тасида кўкатлар ҳамда 1 тасида лимон етиштирилаётгани, шундан 26 та иссиқхонани иситиш учун кўмир ва 3 та иссиқхонани иситиш учун табиий газдан фойдаланилиши маълум бўлди. Афсуски, мазкур иссиқхоналарнинг атиги 6 тасида экологик экспертиза хулосалари мавжуд ва 7 тасида фильтр ўрнатилган.
Ўрганишда ишчи гуруҳ томонидан иссиқхонада дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган жами 3 та иссиқхона эгаларига жарима қўлланилди. 9 тасининг фаолиятини тўхтатиш бўйича Иқтисодий судга даъво аризалари киритилди, 29 та фаолият юритиб келаётган иссиқхона эгалари давлат стандарти талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатмаган тақдирда қонуний жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Мазкур ўрганишлар Зангиота, Қибрай, Янгийўл туманларида ҳам ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА