Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги олдидан Тошкент шаҳар cуди ташаббуси билан Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро ва Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судларида “Азиз инсон: Конституция ва одил судлов” мавзуида янги форматда, креатив ёндашув асосида “очиқ эшиклар” куни ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси парламенти аъзолари, Олий суд раис ўринбосари Халилулло Турахўжаев, Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раис ўринбосари Шухрат Аббасов, Тошкент шаҳридаги туман ва туманлараро судларининг раислари ва судьялари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими, тегишли маҳаллий Кенгашлар депутатлари, туман прокрорлари, ички ишлар, адлия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, солиқ инспекциялари, тиббиёт бирлашмалари, кадастр бўлимлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, ФХДЁ, нотариуслар, “Мадад” ҳуқуқий ёрдам ННТмутасадди ташкилотлар, нодавлат ташкилотлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Ўзгача ёндашув асосида ташкил этилган “Очиқ эшиклар” кунига ташриф буюрган Чилонзор ва Учтепа туманлари МФЙ нуронийлари, фуқаролари, эътиборга муҳтож аҳоли вакиллари – “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, суд фахрийларини скрипкачилар жўрлигидаги мусиқа садолари остида қарши олиниши уларнинг кайфиятига кўтаринкилик бағишлади.
– “Юртимизда “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиш керак”, “давлат ва ҳокимият идоралари ҳам ислоҳотлар ҳам халққа хизмат қилиши лозим”, “Ислоҳотлар замирида азиз инсон манфаати устивор” деган эзгу тамойилларга асосланишидан барчамиз хабардормиз. Президентимиз бошлаб берган халқпарвар сиёсатда судлар ҳам халққа очиқ бўлиши лозим. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир фуқаро суд фаолиятидан рози бўлиб кетиши керак. Фуқаролар ва суд орасида масофа бўлмаслиги лозим, - дейди тадбирни очиб берган Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари Нуриддин Муротов.
Асосий қонунимизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги, қомусимизнинг 7-моддасида эса, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги белгилаб қўйилган. Демак, суд тизими фаолиятида ҳам асосий қонунимиз, “Судлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунлар, жумладан процессуал қонунчилик асосида, халққа хизмат қилиш, одамларни рози қилиш, жиноят судларида инсонпарварлик ғояларига соддиқ бўлиш, фуқаролик судларида қонунуний қарор қабул қилишгагина эмас, низоларни амалда ҳал этиш, тарафларни қарордан рози қилиш, иқтисодий судларда адолатни оғишмай таъминлаш, мурожаатчилар ва уларнинг вакиллари ҳуқуқларини амалга оширишда етарлича шарт-шароит яратиб бериш, қомусий мажбурият сифатида қаралиши керак.
Хусусан, 20 йил аввал тадбир ўтаётган бинода ўз судьялик фоалиятини бошлаганинини хотирлаб, сўзга чиққан Олий суд раиси ўринбосари Халилулло Турахўжаев эса “Ўша вақтдан бошлаб, судларда ихтисослашув ишлари бошланганди. “Судлардаги ихтисослашув тўғрими ёки йўқ?” деган савол кўпчилик қатори мени ҳам ўйлантирганди. Фикримча, ихтисослашув керак эди, аммо судларнинг эмас, судьяларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши лозим эди. Яъни, битта туманда бир суд фаолият юритиши даркор. Бу ҳам иқтисодий жиҳатдан давлатга фойда келтиради, ҳам фуқароларимизнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўяди. Ихтисослашув борасида камчиликлар ўз ечимини топа бошлади, аниқроғи вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилди”, - дея суд тизимини такомиллаштириш борасида Олий суд томонидан ўзининг қонунчилик ташаббусидан фойдаланиб, қатор таклифлари илгари сурилганлиги ва бу борада депутат ва фуқароларнинг фикрини ўрганиш топширилгани маълум қилди. Шунингдек, судловга тегишлилик масаласи ҳам тилга олинди.
– Дейлик фуқаролик судига келган аризачининг қўлига “бу мурожаатингиз фуқаролик судининг эмас, иқтисодий суднинг иш юритувига тегишли”, деган ажрим беради. Иқтисодий судга борганида ҳам худди шу ҳолат такрорланади. Кейин аризача қўлидаги иккита ажрим билан қаерга борсин?! Бу саволларга албатта жавоб топиш керак. Республикада судловга тааллуқли эмаслиги бўйича қайтарилган 5 200 та аризалар мавжуд. Олий суд томонидан олиб борилган таҳлиллар натижасида қонунчилик ташаббусидан фойдаланиб, судловга тааллуқли эмаслиги бўйича аризачига қайтариш амалиёти бекор қилиниб, фуқароларнинг сарсонгарчилигига чек қўйилиб, аризачи мурожаат қилган суд томонидан тегишлилик бўйича судларга йўналтириш амалиёти йўлга қўйилади, - дейди Олий суд раиси ўринбосари Халилулло Турахўжаев.
Шундай экан, суд ҳокимиятини амалга оширувчи, одил судловни таъминловчи суд тизимининг фаолиятида ҳам аввало, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлиги, унинг манфаатлари, конституциявий тамойиллар ва қонун устиворлиги, адолат мезонлари бирламчи ўрин эгаллаши даркор.
Такидлаш ўринлики, Конституциямизга кўра, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлаши, вояга етмаганлар, аёллар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилган.
Судларнинг асосий вазифаларидан бири эса, айнан қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни олдини олишдан иборатдир. Шу асосда, процессуал қонунчиликда, Конституциямизга мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
– Маълумотларга таянсак, Чилонзор туманида 51 та МФЙ, Учтепа туманида эса, 60 та МФЙ мавжуд. Ушбу МФЙлари томонидан эътироф этилган тизмили ижтимоий ҳимояга, жумладан зарур ҳуқуқий кўмакка эҳтиёжманд аёл-қизларимиз мавжуд. Асосий қонунимизга мувофиқ, бошқа давлат органлири қатори судлар ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга масъул экан, аввало аёлларимизни уларга қарши содир этилаётган, содир этилиши мумкин бўлган зўровонлик, таҳдид каби жиноятлардан ҳимоялаш, бу каби жиноятчиликни олдини олиш судларнинг олдидаги энг устивор вазифалардан биридир”, - дейди “Инсон ҳуқуқлари: Зўровонликка оид жиноятларни олдини олишда судларнинг масъулияти” ҳақида маъруза қилган Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси Хусан Хамидов.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, тадбирда ФИБ Учтепа туманлараро суди раиси Мансур Имомов томонидан “Азиз инсон ҳуқуқлари ва конституция кафолатлари” ва “Конституцияда одил судлов: одил судловни таъминлашда, коррупцияга қарши муросасизлик; судьялар маънавияти ва масъулияти” мавзусидаги маърузалар доирасида қилинган баҳс-мунозаралар айнан юқоридаги мақсадларга қаратилди.
Шунингдек, тадбирда судьялар билан суд фахрийлари, адвокатлар, тадбирга таштиф буюрган аҳоли вакиллари, жумладан аёллар дафтарида руйхатда турувчи хотин-қизларимиз ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Айниқса, судьялар томонидан эҳтиёжманд аҳоли қатлами вакилларига алоҳида эътибор қаратилганлиги, уларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган ҳеч бир манфаатсиз эҳтиром, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Номозов ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ойбек Ҳамроқуловнинг адолатни мадҳ этувчи ва шўх қўшиқларига хиром айлаб, кўтаринки кайфиятда бир дастурхон атрофида жам бўлганлари, аввало, том маънода судларнинг аҳолига тўла очилганидан, судлар фаолиятидаги давр талаби, очиқлик ва ошкороликнинг амалда таъминланаётганлигидан далолатдир.
Якунда шундай хулоса қилсак, шундай “Азиз инсон”ни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, жамоатчилик эътиборини шунга қаратишга, конституциявий тамойилларни оғишмай хаётга изчил тадбиқ этишга қаратилган ўзгача форматдаги халқпарвар ёндашув асосидаги “очиқ эшиклар” куни каби тадбирлар кўпаяверсин.