Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳолатини аниқлаб бўлмайди
Қўмита вакили Умиджон Абдужалиловнинг фикрича, Тошкент шаҳридаги атмосферани биргина қурилма орқали аниқлаш тўғри натижа бермайди.
Бугун, Халқаро матбуот марказида ўтказилган Пресс-кофе анжуманида иштирок этган Ўзбекистон экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент шаҳри атмосфера ифлосланганлиги даражаси бўйича берилган саволларга жавоб берди.
Қўмита вакили Умиджон Абдужалиловнинг фикрича, Тошкент шаҳридаги атмосферани биргина қурилма орқали аниқлаш тўғри натижа бермайди.
“Airvisual.com сайти томонидан аниқланаётган Тошкент шаҳридаги атмосфера бузилганлиги ҳақидаги маълумотлар ўтган йили ноябрь ойидан ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади.
Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонасида 2018 йил июн ойида ҳавони ифлосланганлиги кўрсаткичларини аниқлайдиган қурилма ўрнатилди.
Ўзбекистон гидрометеорология маркази ҳам 65 та нуқтада бу сингари қурилмаларни ўрнатган. Ушбу қурилмаларнинг 13 таси Тошкент шаҳрида.
Марказ томонидан бу қурилмалар орқали ҳар куни 3 маротаба намуналар олинади. Тўғри, айрим нуқталарда ўрнатилган қурилмалар кўрсаткичлари меъёрларга нисбатан юқори.
Масалан, Тошкент шаҳрида ҳам. Чунки Тошкент шаҳрида жуда кўп қурилиш корхоналари иш олиб бормоқда. Шу сабабли Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонасида ўрнатилган қурилма ифлосланиш даражасини баланд кўрсатмоқда.
“The World Air Quality Index” натижаларига кўра Америка Қўшма Штатлари ушбу қурилма натижалари асосида Тошкент шаҳридаги ҳавога баҳо бериш мумкин, деган фикрни илгари сурмоқда.
Бироқ, Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳолатини биргина қурилма билан аниқлаб бўлмайди. Агар ҳақиқатдан ҳам шу кўрсаткич тўғри бўлганида, Тошкент шаҳрида касалликлар сони жуда кўп бўлиши керак эди”, дейди Умиджон Абдужалилов.