Тошкент осмони остидаги мусиқий ҳайрат
Пойтахтимизда Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг 95-ижодий мавсуми очилишига бағишланган “Тошкент осмони остидаги мусиқий ҳайрат” деб номланган катта гала-концерт бўлиб ўтди.
Очиқ осмон остида ташкил этилган ушбу концерт дастурига мусиқа ихлосмандлари, хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, сайёҳлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 декабрдаги “Опера ва балет санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар йили анъанавий тарзда театрга туташ бўлган фавворали ҳудудда театр мавсумининг тантанали очилиш маросимини катта гала-концерт шаклида ташкил этиш белгиланган.
Концертда жаҳон ва ўзбек композиторларининг асарларидан намуналар ижро этилди. Айни пайтда ўзбек опера ва балет ижрочилари жаҳоннинг ушбу санъатида порлаётган юлдузлардан устун бўлса устун, лекин сира кам эмаслиги яна бир карра намоён бўлди.
Дастур давомида Ўзбекистон халқ артистлари Рамиз Усмонов, Самандар Aлимов, Ўзбекистон халқ артисти, халқаро танловлар лауреати, хонанда ва бастакор Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Маъсума Болтабоева, Кирилл Борчанинов, театр етакчи опера солистларидан Малика Норматова, Ленара Зокирова, Раҳим Мирзакамалов, Наврўза Мамаражабова, Умид Исроилов, Aзиза Муҳамедова, Муҳаммадали Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрстаган артист, етакчи балет артисти Нодира Ҳамроева каби санъаткорлар томошабинларни мамнун этди.
“Олтин Европа” номидаги Европа санъат уюшмасининг санъат ва маданий фаолият соҳасидаги олий мукофоти соҳиби, кўплаб халқаро танловлар совриндори, чехиялик Филип Банджак, Ла Скала театридан то Сидней опера театрига қадар бир қатор жаҳон опера саҳналарида томошабинлар қалбини забт этган солист Елена Максимова, Санкт-петербурглик маҳоратли солистлар Вячеслав Васильев ҳамда Инара Козловская, йирик халқаро мукофотлар совриндори, Европа ва Россия опера саҳнаси юлдузи Ҳулкар Сабирова, ажойиб лирик-драматик тенор овоз соҳиби, Aбай номидаги Қозоқ миллий опера ва балет театри солисти Балуан Беркеновлар иштирок этди. Бош балетмейстер – туркиялик машҳур балетмейстер Меҳмет Балкан.
Очиқ осмон остидаги концерт дастури баланд руҳда бўлиб ўтди.
Н.Усмонова,
ЎзА