Тошкент дунё гимнастика юлдузларини кутмоқда
Жорий йилнинг 13-19 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги мусобақаси ўтказилади.
Пойтахтимиздаги Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилиши кутилаётган мазкур мусобақа Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш имкониятини берувчи тўртта рейтингли мусобақаларнинг иккинчи босқичи ҳисобланади.
Биринчиси шу йил 24-29 март кунлари Болгариянинг София шаҳрида ўтказилди. Иккинчиси 13-19 апрель кунлари Тошкентда ташкил этилса, кейингиси 5-10 май кунлари Озарбайжон пойтахти Бокуда, сўнггиси эса 26-31 май кунлари Пезаро (Италия)да бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.
Олимпиадага йўлланмани шахсий кўпкураш бўйича фақат 2019 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмаган ва уч турда максимал балл тўплаган энг яхши уч нафар гимнастикачи (ҳар бир мамлакат учун максимал 1та) қўлга киритади. Эътиборли жиҳати, ушбу чемпионатда “Токио – 2020” Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган спортчилар ҳам баҳслашади. Фақат мусобақа улар учун навбатдаги нуфузли мусобақаларга тайёргарлик вазифасини бажаради.
Жаҳон кубоги мусобақасида дунё гимнастика юлдузлари Дина ва Арина Авериналар (Россия), Боряна Калейн (Болгария), Линой Ашрам ва Никол Зеликман (Исроил), Анастасия Салосва Алина Гарнаско (Беларусь), Каҳо Минагава (Япония) ва бошқа 32 давлатнинг энг кучли гимнастикачилари иштирок этади.
Мусобақанинг яккалик машқлари бўйича жами 66 та, шунингдек, гуруҳ машқлари бўйича 12 та жамоа иштирок этади. Ушбу нуфузли мусобақада Сабина Ташкенбоева ҳамда Екатерина Фетисова яккалик баҳсаларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Гуруҳ машқларидаги беллашувларда ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирок этади. Бироқ, ушбу турдаги дастурлар Олимпия ўйинлари квотасини бермайди. Гимнастикачиларимиз жорий йилнинг июнь ойида ўтказилиши режалаштирилган қитъа биринчилигида Токиога йўлланмани қўлга киритиш имкониятига эга бўладилар.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда бадиий гимнастика бўйича йирик нуфузли мусобақаларнинг дастлабкиси 2004 ва 2005 йилларда ўтган бўлса, 2010 йили Тошкентда Осиё чемпионати бўлиб ўтган. Шунингдек, ушбу йилдан бошлаб анъанавий тарзда ҳар йили пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича халқаро мусобақалар ташкил этилмоқда. Уларда Олеся Ашаева, Анастасия Берестетская, Зарина Муҳиддинова, Рита Алимова, Уляна Трофимова (2012-йилги Лондон Олимпия ўйинлари иштирокчиси), Жамила Раҳматова, Елизавета Назаренкова, Анастасия Сердюкова (2016 -йилги Рио Олимпия ўйинлари иштирокчиси) каби гимнастикачиларимиз мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келган.
Жорий йилнинг 13-19 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтиши кутилаётган жаҳон кубоги мусобақасининг тантанали очилиш маросими 16 апрель куни бўлиб ўтади. Беллашувлар эса шу куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 да бошланади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА