Тошкент давлат юридик университети 30 ёшда
Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, таълим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янгидан-янги олий таълим муассасалари ташкил қилиниб, юртимиз ёшларининг олий таълим олиши учун кенг шароитлар яратилмоқда.
Мамлакатимиздаги мавжуд олий таълим муассасалари ўз ўрни ва мавқеига эга, турли соҳалар учун малакали кадрлар тайёрлаб беришга ўз ҳиссасини қўшиб келади. Жумладан, юридик таълимни ривожлантириш, малакали юридик кадрлар тайёрлашда Тошкент давлат юридик университети муҳим ўрин тутади.
Тошкент давлат юридик институти Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 15 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган эди ва у 2013 йилда Тошкент давлат юридик университетига айлантирилган. Жорий йилда мазкур олий таълим муассасаси ташкил топганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан мустақиллигимизга тенгдош университетнинг 30 йиллиги «Университетим – фахрим, ифтихорим!» шиори остида катта тантана қилинмоқда.
– Университетимизнинг 30 йиллиги доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этилди ва давом эттирилмоқда, – дейди ТДЮУ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ҳайдаров.– Масалан, яқинда “Ўзбекистонда юридик таълим ва фаннинг ривожланиш истиқболлари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Мазкур халқаро анжуманга давлат ва жамоат арбоблари, маҳаллий мутахассислар, малакали юрист ва адвокатлар билан бир қаторда Германия, Россия Федерацияси, Туркия, Польша, Қатар, Қирғизистоннинг нуфузли олий таълим муассасалари ва ташкилотлари экспертлари ва профессор-ўқитувчилари ҳам ташриф буюрди. Конференцияда оммавий ҳуқуқ фанларининг миллий ва халқаро миқёсда ривожланиш тенденциялари, жиноят-ҳуқуқий соҳада илм ва фанни ривожлантириш масалалари: муаммо ва уларнинг ечимлари, Янги Ўзбекистон ва халқаро ҳуқуқ: асосий ёндашувлар, минтақавий ҳамкорлик ва истиқболлар, бозор иқтисодиётини тартибга солишнинг замонавий тенденциялари: миллий ва хорижий тажриба таҳлили каби мавзулар юзасидан маърузалар тақдим этилди ва мунозаралар ўтказилди. Бундан ташқари, халқаро конференция доирасида ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Иштирокчиларнинг Тошкент давлат юридик университети ва университет музейига ташрифи уюштирилди.
Дарҳақиқат, юбилей доирасида ўтказилган тадбирлар, хорижий таълим масканлари билан тажриба алмашинуви юридик таълим ва фанни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Университетнинг 30 йиллиги муносабати билан замонавий юридик таълимнинг истиқболларини ўзида қамраб олган университет мадҳияси яратилди. Шу билан бирга, юридик фан ва таълим ривожини, университет тарихи ва истиқболларини ўзида қамраб олган ҳужжатли фильм яратилиб, тантанали тадбирда намойиш этилди.
Шунингдек, университет ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирлар доирасида “Ҳуқуқшунослар учун янги авлод дарсликларини яратиш ва уларга бўлган талаблар” мавзусида хорижлик экспертлар иштирокида давра суҳбати ҳамда ТДЮУ янги авлод дарсликлари тақдимоти ҳам ташкил этилди. Унда ТДЮУ янги авлод дарсликларини яратишнинг аҳамияти ва долзарблиги, ижодий ёндашув, махсус адабиётларни таржима қилиш ва уларни ўқув жараёнига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Бунда иштирокчилар томонидан янги авлод дарсликларини оддий, содда тилда ёзиш ва назарияни амалий мисолларда тушунтириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Давра суҳбати доирасида янги авлод дарсликларини тайёрлаш ва чет эл адабиётларини таржима қилиш бўйича Тошкент давлат юридик университети томонидан амалга оширилган ишларнинг самарасида жаҳонга машҳур олимларнинг ўзбек тилида чоп этилган 6 та дарслиги тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, анжуман давомида Европа институти директори, Саарланд университети профессори, юридик фанлар доктори Марк Бунгенберг ТДЮга ўзининг илмий асарларини тақдим этди. Халқаро экспертга “Тошкент давлат юридик университетининг фахрий профессори” унвони берилди.
Бир сўз билан айтганда, истиқлолга тенгдош бўлган Тошкент давлат юридик университетининг 30 йиллик юбилейи катта тайёргарликлар билан нишонланди. Ушбу таълим даргоҳининг юртимиздаги ўрни янада мустаҳкамланиб, малакали юристларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш борасидаги саъй-ҳаракатлари бардавом бўлаверсин.


Муҳтарама Комилова, ЎзА