Ватанимиз тарихидаги 14 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1498 йил (бундан 527 йил олдин) – тонгда Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўғли Бадиуззамон Мирзо ўртасида жанг бўлди. Бадиуззамон Мирзо шу куни Ўлангнишин яқинига етиб келганда, бу ердаги ҳисобсиз қўшинни кўриб, ҳайрат бармоғини тишлаб, даҳшатга тушган эди. Аммо ориятни қўлдан бермай жангга кирди. Ота билан ўғил ўртасидаги жанг пешингача давом этиб, ҳар икки томондан кўпгина қурбонлар берилди.
Ниҳоят Бадиуззамон Мирзо жанг шиддатига дош беролмай, Қандаҳорга қараб қочди. Султон Ҳусайннинг қўшин бошлиқларидан амир Умарбек шаҳзодани анча масофагача қувлаб, ниҳоят шаҳзодага яқинлашиб, энди қилич урмоқчи бўлаётганида, шаҳзоданинг амирларидан бири амир Юсуф Исфандиёр Бадиуззамон Мирзонинг қўлидаги найзасини тортиб олиб, амир Умарбекнинг юзига қаттиқ зарб билан урди. Амир Умарбекнинг бир неча тишлари синиб, отдан ерга юмалаб тушди. Ушбу мўъжиза туфайли Бадиуззамон Мирзо саломат қутилиб кетди.
1647 йил (бундан 378 йил олдин) – Балх яқинидаги Темуробод мавзесида Бухоро хонлиги қўшинлари билан бобурийлар ўртасида жанг бўлди.
1865 йил (бундан 160 йил олдин) – 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси босқинчи генерал Михаил Черняев бош бўлган рус қўшинлари томонидан Тошкентга иккинчи марта ҳужум уюштирилди. Улар шаҳарнинг Камолон дарвозаси орқали бостириб киришга муваффақ бўлдилар. Маҳаллий аҳоли ҳар бир кўча, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир уй учун қаттиқ кураш олиб борди. Сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолган шаҳар 40 кунлик қамалдан сўнг таслим бўлди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон Республикаси ҳукуматининг декрети билан қалин пули олиш ман этилиб, уни бузган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб кўйилди.
1933 йил (бундан 92 йил олдин) – Тошкент дарвозаларининг ўн иккита рамзий тилла калитлари Ўзбекистонга қайтариб берилди. “Тошкент” энциклопедиясида қайд этилишича, олтин калитлардан бири Ўзбекистон тарихи давлат музейида кўргазмага қўйилган, қолган 11 таси Ўзбекистон Марказий банкида сақланмоқда. Ўзбекистон тарихи давлат музейининг филиали Тошкент музейида мазкур ўн икки калитнинг нусхалари намойиш этилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Тошкент дарвозалари (XIX аср ўрталарида 12 та дарвоза)нинг алоҳида калитлари бўлган. Ҳар бир калитда тегишли дарвоза номи ва калит ясалган йил ёзилган. Тошкент 1865 йил июнь ойида Россия империяси томонидан босиб олингандан кейин, чор ҳукуматига тобелик рамзи сифатида 12 та дарвозанинг рамзий олтин калити шошилинч равишда ясалиб, чор маъмурларига топширилган ва у калитлар Петербургга олиб кетилиб, ҳарбий музейда сақпанган.
Олтин калитлар дарвозаларни очувчи ҳақиқий темир калитлардан анча кичик бўлган (ҳар бирининг узунлиги 16 см, вазни 165–167 грамм). Калитлар Тошкентнинг Пичоқчилик маҳалласидаги Абдураҳмон исмли заргар томонидан ясалган деган фикр мавжуд. Калитлар Петербургда 1917 йилгача Россия империясига, ундан кейин шўролар ҳукуматига тобелик сифатида сақланиб келинди.
1976 йил (бундан 49 йил олдин) – театр мухлисларининг дилидан ўрин олган “Келинлар қўзғолони” спектакли шу куни илк бор саҳна юзини кўрди. Бу кун ҳозирги Миллий академик драма театри жамоаси ва, шу жумладан, атоқли адиб Саид Аҳмад учун унутилмас кун бўлди. Саид Аҳмад асарларига, айниқса, ҳикояларига хос бўлган майин юмор, нозик қочиримлар илк бор Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳнага қўйилган “Келинлар қўзғолони”да тўкис жамулжам бўлди.
Академик театр спектаклида биринчи бўлиб Фармонбиби ролини маҳорат билан ўйнаган атоқли санъаткор Зайнаб Садриева асарнинг Аброр Ҳидоятов номидаги театрда қайта ишланган нусхаси (1987 йил 16 октябр)да ҳам шу ролни умрининг охиригача ижро этди. Асарни 1988 йили Баҳодир Йўлдошев Лаос миллий театрида саҳналаштирди. Асар қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, озарбайжон, хитой, АҚШ театрларида, яъни дунёнинг ўттиздан ортиқ театрида саҳна юзини кўрди.
“Келинлар қўзғолони” асари асосида режиссор Мелис Абзалов томонидан бадиий фильм яратилди. Катта шов-шувга сабаб бўлган бу фильм 1986 йилда АҚШда ўтказилган кўрикда Американинг 26 та штатида намойиш этилди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Кооперация тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармаси таркибига кирган Учқудуқ туманининг Кўкпатас ва Довғизтов олтин конлари базасида учинчи Гидрометаллургия заводи (ГМЗ-3)нинг биринчи навбати ишга туширилди. ГМЗ-3 мустақиллик йилларида олтин қазиб олган биринчи завод бўлиб, бу ерда 1500 та янги ишчи ўринлари яратилди. Шу йили 230 минг тонна руда қайта ишланиб, режа 121,0 % қилиб бажарилди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Картошка етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, картошка уруғчилигини ривожлантириш ва уруғлик фондини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКО билан ҳамкорликда маданий мерос масалалари бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА