“Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми” ғояси остида ўтказилаётган Наврўз умумхалқ байрами Оролбўйининг барча ҳудудлари, жумладан, Тўрткўл туманида ҳам кенг нишонланмоқда.
Байрам сайлида туман сектор раҳбарлари, меҳмонлар ҳамда нуронийлар миллий фольклор дастурлар иштирокчисига айланди. Миллий ўтовлар олдида эса қадимдан эъзозланиб келаётган қадриятлар жам бўлди. Марказий саҳнадан таралаётган "Баҳор вальси", кўм-кўк осмон, борлиққа илиқ нур сочаётган баҳор қуёши тўрткўликларга ўзгача кўтаринки кайфият улашди.

Наврўз сайлида тумандаги барча маҳалла ва овул фуқаролар йиғини фаоллари миллий таомлар, урф-одатлар ва қўл меҳнати кўргазмаси билан фаол қатнашди. Қадимда момолар ўраган рўмоллар, турли миллатдаги келинларнинг миллий либосдаги иболи таъзимлари намойиш этилди. Дошқозонларда қайнаб турган сумалаклар баҳорни соғинган юртдошларимиз учун ажойиб совға бўлди.
Туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари, тўгарак аъзолари ва иқтидорли ёшлар томонидан миллий ва замонавий куй қўшиқлар ва рақслардан тайёрланган байрам дастури катта қизиқиш билан томоша қилинди.

Байрам тадбирларидан ўрин олган миллий ўйинлар спортчи ёшларга кўпгина байрамона совғаларга эга бўлиш имконини берди. Арқон тортиш, кураш каби миллий ўйинлар давомида кўпгина юртдошларимиз бир неча йиллардан бери соғинган миллий ўйинларни намойиш қилишга мушарраф бўлди. Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар ҳокимлик томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Байрам тантаналари давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА