Тўрт йилдан буён халқ хизматида
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизими тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилган эди. Айни пайтда мазкур марказлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга 160 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
- Давлат хизматлари марказлари бугун халқимизнинг ҳаётий ва кундалик эҳтиёжларини қондиришга катта ҳисса қўшиб келаётган тузилмага айланди, - дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Мақсуд Қурбонов.
- Хусусан, жорий йилнинг ўн бир ойида давлат хизматлари марказларига 650 мингдан зиёд мурожаат қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 150 мингтага кўп демакдир. Фуқаролар давлат хизматларидан ортиқча оворагарчиликсиз, яшаш жойидан қатъий назар, экстерриториал тамойил асосида фойдаланиши, мурожаати бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олиши мумкин.
Мазкур хизматлар вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда замон талаблари асосида бунёд этилган 16 та Давлат хизматлари марказлари, уларнинг олис ва чекка ҳудудлардаги 8 та филиаллари орқали кўрсатилмоқда. Шунингдек, 22 та ФҲДЁ бўлими, 1 та Никоҳ уйи ва 1 та ФҲДЁ архиви халқ хизматида. Бундан ташқари, вилоят аҳолисининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда туман марказларидан 100 километрлаб узоқликда жойлашган қишлоқлардаги 31 та почта алоқа бўлимларида ҳам электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти йўлга қўйилди.
Таъкидлаш керакки, жисмоний ва юридик шахсларга самарали, тезкор ва аниқ хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида жойларда давлат хизматлари филиаллари ташкил этилиши ушбу йўналишдаги ишларнинг изчил амалга оширилаётганлигидан далолат беради. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда вилоятда туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари билан бирга филиалларнинг ҳам хизмат кўрсатаётгани туман марказларидан узоқ масофада жойлашган аҳоли яшаш жойларидаги фуқаролар, тадбиркорларга енгиллик яратмоқда. Энг муҳими, бугун нафақат марказларда, балки қишлоқ жойларда ҳам давлат хизматларидан фойдаланиш борасида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Айтиш жоизки, давлат хизматларининг тури ва кўрсатилиш регламенти ҳам тизимли равишда қисқартирилаётгани халқимизга янада қулайлик яратмоқда. Буни биргина ФҲДЁ бўлимлари фаолиятига татбиқ қилинган композит хизматлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Вилоят аҳолиси биргина туғилишни қайд эттириш орқали фарзандини болалар поликлиникасига рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш хизматларидан бир вақтнинг ўзида фойдаланаётганидан мамнун. Айни қулайлик уларни 4-5 та идораларга боришдан, ортиқча вақт ва пул сарфлашдан халос қилмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошчилигида вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказиб келинаётган “Марказ-маҳалла-фуқаро” тамойили, “Ўзимиз келдик”, “Сиз келманг, ўзимиз борамиз”, “Давлат хизматлари - маҳаллада” сингари турли акция ва лойиҳалар ҳам халқимизнинг барча қатлами ушбу хизматлардан бекаму кўст фойдаланишига имконият яратмоқда. Натижада 20 188 дан ортиқ давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди. 900 юздан зиёд тадбиркорлик субъектлари ҳам сайёр тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.
2018 йилда вилоятда янги тизим орқали жами 478 678 та давлат хизматлари кўрсатилган. 2021 йилга келиб бу кўрсаткич бир неча баробарга ошди, яъни йилнинг тўққиз ойида фуқароларга 592 614 та давлат хизматлари кўрсатилди. Таҳлиллар бир кунда вилоятдаги Давлат хизматлари марказлари ўртача 2000 дан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатаётганини кўрсатмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА