2016 йил мамлакатимиз тарихида янги босқични бошлаб берди. Туман, вилоят ҳокими ҳамда Бош вазир лавозимларида ишлаб, мамлакатни бошқаришда катта назарий ва амалий тажриба тўплаган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди.
Давоми, боши ўтган сонда.
ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИ ЎРНАТИШ ТАШАББУСКОРИ
1992-2016 йиллар мобайнида Марказий Осиёдаги бешта давлатнинг иқтисодий алоқалари сусайди, ўртада сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. Бу эса давлатларнинг ҳаммасига салбий таъсир кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари дарҳол ташқи сиёсатни буткул ўзгартириб, барча мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни кенгайтириш сиёсатини бошлади. Иқтисодий алоқаларнинг кучайиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатиб, ўзаро савдо айланмаси ҳажми охирги йилларда янада оша бошлади.
Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларининг ўрнатилиши барча учун фойдали бўлмоқда. Масалан, ушбу ҳамкорликнинг кучайиши йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради, туман ва шаҳарларни индустриал ривожлантириш мақсадида ҳудудларга чет эл инвестиция ресурсларини жалб қилиш имкониятини оширади.
Мамлакатимизда экспортни, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш стратегик вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, қўшни давлатлар билан интеграциялашув биз учун бу борада жуда муҳим имкониятлар яратади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга сарфланаётган сувнинг деярли 80 фоизи Қирғизистон ва Тожикистондан келади. Бу борада мавжуд жиддий келишмовчиликларни ҳам ўзаро келишиш орқали ҳал қилиш имкониятлари кенгайди.
ПАНДЕМИЯГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ЎЗБЕКИСТОН МОДЕЛИ САМАРАЛИ ЭКАНЛИГИНИ ЖАҲОН ТАН ОЛДИ
2020 йил инсоният бошига коронавирус балоси ёпирилиб келди. Ўзбекистон раҳбарияти дарҳол унга қарши тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқди ва амалга ошира бошлади. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 19 мартида “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди ва шу куни коронавируснинг мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини камайтириш масаласи бўйича махсус йиғилиш ўтказди.
Вирус оқибатларига қарши чуқур ўйланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Мазкур чора-тадбирлар юқорида баён этилган салбий оқибатларни камайтиришга йўналтирилди. Вазирлик, идоралар, ҳокимликларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди. 10 триллион сўм миқдорида маблағ жамланадиган “Инқирозга қарши махсус жамғарма” ташкил этилиши эълон қилинди. Кейинроқ жамғарма маблағлари янада кўпайтирилди.
Кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбарияти коронавируснинг салбий оқибатларини камайтириш борасида жуда катта ҳаракат ва харажатлар қилмоқда. Қисқа муддатларда Тошкентда ва барча вилоятларда махсус касалхоналар қурилди ёки мавжуд шифохоналар шу касалликни даволашга мослаштирилди. Улар давлат томонидан зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминланди. Коронавирусдан даволаш харажатларини давлат тўлалигича ўз зиммасига олди.
Коронавирусга қарши курашишнинг Ўзбекистон модели жаҳонда энг самарали ташкил этилган давлатлар қаторида эътироф этилди.
ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИНГ ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТИ ВА АҲОЛИ ҲАЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ
Бугун турмушимизни электр чироқлари ва электр қуввати билан ишлайдиган маиший жиҳозларсиз мутлақо тасаввур қила олмаймиз. Мамлакатимизда электростанциялар 1930-йиллардан қурила бошланган. Уларнинг энг йириклари собиқ шўролар даврида барпо этилган. Шу боис электростанциялар техник ва технологик жиҳатдан эскириб қолган ва уларнинг аксариятини модернизация қилиш талаб этилаётган эди.
Тўғри, шу кунга қадар ҳам мамлакатимиз электростанциялари Осиё тараққиёт банки, Европа тараққиёт ва тикланиш банки, айрим давлатлар кредитлари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва бошқа маблағлар ҳисобига муайян даражада модернизация қилиб келинмоқда эди. Лекин янгилашга муҳтож электростанциялар кўп ва маблағ етишмаётганлиги туфайли бу ишга етарли эътибор бериш имкониятлари чекланган эди.
Янги раҳбар дадиллик билан электростанцияларни модернизация қилиш фикрига келдики, бу улар фаолиятини тубдан ўзгартириб юборади, маҳсулот ишлаб чиқариш миқдори ва сифати ошади, таннархи эса пасаяди. Аҳоли ва корхоналарга электр қувватини кафолатли ва барқарор етказиб бериш мақсадида шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастури ишлаб чиқилди. Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш режалаштирилмоқда. Қувончлиси шундаки, бу борадаги тадбирлар 2017 йилданоқ бошлаб юборилди. Пском дарёсида янги ГРЭС қурилмоқда, Тўрақўрғон ИЭСнинг дастлабки агрегатлари ишга тушиш арафасида.
Электр энергия таннархининг пасайиши мамлакат иқтисодий ҳаётига кескин ижобий таъсир кўрсатади. Негаки, ҳар қандай маҳсулот ишлаб чиқариш учун энг керакли омиллардан бири электр энергияси бўлиб, у маҳсулот таннархини аниқлайдиган муҳим харажатлардан бири ҳисобланади. Электр энергияси таннархининг пасайиши уни хорижга экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.
ХАЛҚ БОЙ БЎЛМАСА, ДАВЛАТ БОЙ БЎЛМАЙДИ
Халқимиз “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни мамнуният билан кутиб олди. Тўғри, бу соҳада шу кунга қадар ҳам жуда кўп фармонлар, қонун ва қарорлар қабул қилинган ва улар мазкур масалада муайян ижобий силжишлар юз беришига ҳуқуқий асос яратганди.
Фармонда тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлиги ва тўсқинлик қилганлиги, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлиги учун етказилган зарарни бевосита мансабдор шахсларнинг ўзидан ундириш белгиланди. Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текшириш, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишлар бекор қилинди.
Инвестицион жозибадорликни ошириш мақсадида хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган корхоналарга беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилди.
Фармонда, шунингдек, валюта, солиқ ва бож сиёсати соҳасида ҳам жуда катта ўзгаришларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хуллас, мазкур фармон тадбиркорликни янада ривожлантириш соҳасида инқилобий руҳга эга ҳужжат бўлди!
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури ва Ҳаракатлар стратегиясида олға сурилган ғоя ва вазифаларнинг барчаси ортиғи билан амалиётга жорий этилди ва этилмоқда. Бу эса қисқа фурсатда мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий, маънавий, ижтимоий ва маданий қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. 2016 йилдан бошланган жамиятни янгилаш сиёсати Ўзбекистон дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига кириши ва янги Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида ташланган улкан қадам бўлди!
Абдулҳошим МУТАЛОВ,
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири