Тўрт теннисчимиз чорак финалга чиқди
Қирғизистонда ёшлар ўртасида теннис бўйича J60 таснифига кирувчи «ISSYK-KUL SUMMER – 2024» халқаро турнирида 4 нафар теннисчимиз чорак финалда иштирок этади.
Яккалик баҳсларининг иккинчи даврасида Абдулазиз Усмонжонов қозоғистонлик Родион Лукашовни 6:2, 6:1 ҳисобида енгди ва 1/4 финал босқичида нейтрал теннисчи Михаил Сапожников билан рақобатлашадиган бўлди.
Данила Квасов эса 7:5, 6:2 ҳисобида нейтрал теннисчи Михаил Волковичдан устун келди. Энди у ярим финал йўлланмаси учун қозоғистонлик Никита Николенкога қарши кортга чиқади.
Суҳроб Саидов эса нейтрал теннисчи Аркип Козловни 6:2, 6:4 ҳисобларида доғда қолдирган ҳолда чорак финал босқичида украиналик Григорий Картавенкога қарши ўйин ўтказади.
Аҳмаджон Тошмуҳамедов 1/8 финал босқичида мезбонлар вакили Давид Могилевский билан ўтган ўйинда 6:4, 6:2 ҳисобида зафар қучди. Аҳмаджон энди қозоғистонлик Эрасил Баҳтияр билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА