Тўрақўрғонда йирик корхона қурилмоқда
Наманган вилоятини мамлакатимизнинг саноат ва тадбиркорлик марказига айланишида етакчи текстиль ва тўқимачилик компаниялари қаторида Давлатобод туманидаги “Iftixor kiyim sanoat” масъулияти чекланган жамиятининг алоҳида ўрни бор.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Анна Добрих бошчилигидаги мазкур саноат бирлашмаси Тўрақўрғон тумани Ибрат массивида жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Германия ва Италия давлатлари ишбилармонлари билан ҳамкорликда 197,8 миллион доллар қийматдаги йирик корхона барпо этмоқда. Унинг йиллик қуввати 80 минг тонна калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга тушадиган мазкур корхонада қурилиш ишлари якунланиб, ҳозирда ускуна ва жиҳозларнинг 90 фоизи ўрнатиб бўлинди. Лойиҳа ишга тушганидан сўнг йилига қўшимча 80 миллион доллар миқдорида саноат товарлари экспорти учун имконият, асосийси 2 мингта янги иш ўрни яратилади.

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов туман сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида янги барпо этилаётган корхонада бўлиб, тайёргарлик ишларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга зарур топшириқлар берди.
Таъкидлаш даркор, йирик саноат масканларидан бирига айланадиган “Iftixor kiyim sanoat”нинг янги корхонаси Наманган вилоятининг экспорт салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА