Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги “Ўнбиртол” массиви ҳудудида жойлашган “Ҳамза Радивон миришкорлари” фермер хўжалиги дала майдонида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ташаббуси билан кузги тўқсонбости экинларини экиш, томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди.
Семинарда Кенгаш раиси Актам Хаитов, Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулла Нажмиддинов юртимиз аҳолисини эртанги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли экинлардан шу кунларда пиёз, саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости экинларидан сабзи, ош лавлаги, кўкатлардан – кашнич, петрушка, салат, редиска ва карам экиб, етиштириш яхши фойда келтиришини таъкидлади.
Аҳолининг сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2024 йил ҳосили учун ҳозирдан ҳаракатга киришиш, тўқсонбости экинларини ўз вақтида экиб, агротехник тадбирларни бажариш зарурлиги юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, вилоятнинг тоғли ва қир адирликларида жойлашган Янгиқўрғон туманида 2024 йил ҳосили учун 5 минг 612 гектар барча тоифа хўжаликларида тўқсонбости сабзавот экинларини экиш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар 991 гектар фермер хўжаликларида, 84 гектар деҳқон хўжаликларида ҳамда 606 гектар аҳоли хонадонларида пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари экилди.
Мутасаддилар, семинар давомида, шунингдек, “Радивон цитрус мевалари” томорқа хизмати томонидан 6 гектар ер майдонида етиштирилаётган карамларни кўздан кечиришди.
[gallery-13850]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА