Тошкент вилоятида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, соҳани модернизация қилиш борсида муҳим ижобий натижаларга эришилмоқда. Шунингдек, катта аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига эса, янги иш ўринларини яратиш бўйича тизимли ишлар ҳам олиб борилмоқда.
Ҳудудда 2023-2024 йиллар тўқимачилик саноатида умумий қиймати 743,9 миллион доллар бўлган 141 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. 2023 йилда 73,8 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 101,3 минг тоннани ташкил этиши режалаштирилган. Бунда тайёр газлама ишлаб чиқариш қуввати 66,3 миллион квадрат метрга етказилади.
Режа бўйича эса шу давр мобайнида махсулотлар экспорти 495,0 миллион долларни ташкил этади. Инвестиция лоийҳалари ишга тушрилиши натижасида яна 60 минг нафардан зиёд аҳоли бандлиги таъминланиши белгиланган.
Масалан, Қуйи Чирчиқ туманидаги қиймати 14 миллион доллар бўлган “Tashkent cotton textile” МЧЖ томонидан тез кунларда йилига 33,0 минг тонна ип калава ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади. Бунинг натижасида 400 та янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Чиноз туманидаги 10,0 миллион доллар қийматдаги “Pronto textil group” МЧЖ томонидан йилига 3,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган ва шунинг эвазига 300 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланади.
Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Демикс” корхонаси ҳам ҳудуддаги энг йирик лойиҳалардан бири. Корхона иш бошқарувчиси Акбар Абдураҳимовнинг таъкидлашича, бу ерда кунига 2 мингта маҳсулот тайёрланиб, ички бозорларга чиқарилади. Келгусида иш кўламини янада кенгайтириб, вилоят бўйлаб филиаллар ташкил этиш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
– Цех очилганидан бери шу ерда ишлайман, – дейди Фотима Ҳасанова. – Корхонада ишчилар учун барча шароитлар бор. Ишга қатнаш учун транспорт йўлга қўйилган, бир маҳал иссиқ овқат берилади. Ҳозирда маҳсулотларга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам талаб катта.
А.Мусаев,ЎзА.