Ўзбекистонда пахта ва тўқимачилик саноати ривожланиб бормоқда. Соҳадаги ютуқлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бевосита боғлиқдир.
12 июнь – Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ходимлари куни муносабати билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Оммавий ва ташқи алоқалар департаменти бошлиғи – ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова уюшма томонидан олиб борилаётган ишлар ва соҳада эришилаётган ютуқлар ҳақида гапириб берди.
–“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси 2017 йилда ташкил этилган. 2018 йилда пахта хомашёсини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича ўзаро боғланган тармоқларнинг вертикал ва горизонтал интеграциялашуви тамойили асосида кластер модели яратилди. Ҳозирда тўқимачилик саноатининг республика ялпи ички маҳсулотига қўшаётган ҳиссаси 8 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Беш йил аввал эса бу кўрсаткич 4 фоиздан ошмасди. Уюшма ўз фаолияти давомида соҳага 3 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоя жалб этишга кўмаклашди ва 200 дан ортиқ йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта толасини 100 фоиз қайта ишлашни таъминлаш ва 2021 йилда 3 миллиард долларлик экспорт кўрсаткичига эришиш муҳим ютуқлардандир.
2021 йил якунига кўра, пахта соҳасида толани қайта ишлаш 2,5 баробар ошиб, 100 фоизга, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 3 баробарга, экспорт ҳажми 3 миллиард долларга етди. Фермерларнинг қизиқиши ортиб бораётгани, тадбиркорларнинг кластер доирасидаги муносабатлари ва натижа учун тўлиқ масъулият билан ишлаш пахтачиликнинг янги самарадорлик чўққиларига кўтарилишига олиб келди. Пахта ҳосилдорлиги сезиларли даражада ошиб бормоқда. 2021 йилда аксарият кластерларда ҳар гектардан 35-40 центнердан ҳосил йиғиб олинди, баъзиларида эса бу кўрсаткич 60 центнерга етди. Пахтачилик соҳасида меҳнат унумдорлигини камида икки баравар ошириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, экспорт ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш, қишлоқ ҳудудларида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш – асосий режалар қаторига киради.
Соҳа ривожи йўлида кўрилган чора-тадбирлар ишлаб чиқариш базасини модернизациялаш ва технологик янгилаш, тўқимачилик корхоналари ва кластерлари томонидан пахтани чуқур қайта ишлаш ва халқаро стандартларга мувофиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун энг янги ускуналарни сотиб олишга жиддий инвестицияларни жалб қилиш имконини берди.
Уюшма ўзбек ишлаб чиқарувчиларини ташқи инвесторлар, компаниялар ва импортёрлар билан боғловчи узвий қисмга айланди. Аста-секин у ўз фаолият доирасини кенгайтирди. Эндиликда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси нафақат тўқимачилик ва тикувчилик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, балки корхона ишчи ва ходимлари учун семинар ва тренинглар ўтказиш, уларнинг малакасини хорижда ошириш, корхоналарда олий ўқув юртлари битирувчилари учун амалиёт ўташ, тегишли асбоб-ускуналар ва лабораториялар билан жиҳозланган технопарклар ташкил этиш, экспорт географиясини кенгайтириш, корхоналар учун стандартлаштириш сертификатларини олиш ва қўпгина бошқа масалалар билан ҳам шуғулланмоқда.
Уюшма ўз фаолияти орқали пахта бойкотини бекор қилишга ва аввалроқ, 2020 йилда Ўзбекистонга ГСП+, яъни Европа Иттифоқининг “Умумлаштирилган имтиёзлар тизими плюс” бенефициар-давлат мақомини беришга жиддий ҳисса қўшди. Бу эса Европа Иттифоқига экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириш ва республика товарларининг ташқи бозорларда рақобатбардошлиги ўсишига имкон берди.
Тўқимачилик саноати кейинги йилларда Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоғига, хорижий сармояларни жалб этиш ва маҳсулот экспорт қилиш бўйича етакчига айланди. Мамлакатимиз иқтисодиётида енгил саноатнинг ўрни сезиларли даражада ошди: унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8,8 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида 14,8 фоизни, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмида 44 фоиздан ортиқни ташкил этди. Бугунги кунда соҳа корхоналарида 500 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.
Республикада ишлаб чиқарилаётган пахта толасини 100 фоиз қайта ишлаш имкони яратилди.
Экспорт географияси доимий равишда кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари дунёнинг деярли барча қитъаларига – 70 дан ортиқ давлатга етказиб берилмоқда. Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари ўз маҳсулотларини МДҲ, Европа Иттифоқи, шунингдек, Хитой, АҚШ, Канада, Жанубий Америка, Африка, Жанубий-Шарқий Осиё ва бошқалар бозорларига жўнатади.
12 июнь – Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ходимлари куни муносабати билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси жамоаси номидан тармоқ корхоналарида хизмат қилаётган ярим миллионга яқин фидокор тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ходимларини касб байрами билан табриклайман.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди