Тоқаев КХШТдан ёрдам сўради
Қозоғистонда вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев “террорчилик таҳдидини бартараф қилиш учун Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га мурожаат қилган.
“Sputnik Казахстан” давлат раҳбарининг "КХШТ бўйича шерикларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ ва ҳозир бунинг айни вақти", — деган сўзларини келтираган.
Мамлакатда кечаётган воқеаларни Тоқаев ташқи кучлар хуружи, деди. Бу ерда гап давлат яхлитлигига, фуқаролар ҳаётига таҳдид ҳақида бормоқда. Унинг таъкидлашича, террорчилар қурол сақланаётган биноларни эгаллаб олмоқда, ҳарбий ўқув юрти курсантларига ҳужум уюштирмоқда, ҳозир Алмати шаҳри четида террорчи тўдалар билан ҳарбийлар ўртасида жанг кетяпти.
"Террорчи тўдалар халқаро тус олган, улар чет элда жиддий тайёрланган. Уларнинг Қозоғистонга уюштирган ҳужуми босқинчилик, деб қабул қилинади", — деди Тоқаев. Баёнотни "Хабар 24" давлат телеканали намойиш қилиб борди.
Президент фуқароларга мурожаатида қозоғистонликларнинг ҳаётий зарур манфаатини ҳимоя қилиш учун барча имконият ишга солинишини таъкидлади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо ҳисобланади.
Мурожаатдан кейин Кремль Коллектив хавфсизлик шартномаси кенгаши раиси —Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Қозоғистонга тинчликпарвар кучларини жўнатиш бўйича баёнотини эълон қилди.
"Қозоғистон президенти Тоқаевнинг Қозоғистон суверенитети ва миллий хавфсизлигига хавф солинаётгани, жумладан, четдан аралашув бўлаётгани ҳақидаги мурожаатидан келиб чиқиб, КХШТ Кенгаши коллектив хавфсизлик тўғрисидаги Шартноманинг 4-бандига таянган ҳолда, КХШТ тинчликпарвар кучларини Қозоғистон Республикасига мамлакатда вазият барқарорлашиб ва изга тушиб кетгунига қадар чекланган муддат билан жўнатишга қарор қилди", — дейилади Кремль сайтида эълон қилинган Пашиняннинг баёнотида.
Қозоғистонда террорчиликка қарши ҳарбий амалиёт бошлангандан кейин ҳамда интернетда узилиш кузатилаётгани сабаб барча молия ташкилотлари фаолиятини тўхтатди, деб хабар берди "Хабар 24" давлат телеканали Миллий банк матбуот котиби Олжас Рамазанов берган маълумотга таяниб. Олжас Рамазанов, шунингдек, мазкур чоралар молия ташкилотлари ходимлари ва мижозлари соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилишга қаратилганини ҳам таъкидлаган.
“Sputnik Казахстан”нинг полиция департаменти раҳбари берган маълумотга таяниб ёзишича, Қозоғистон пойтахтида барча маъмурий бинолар қаттиқ қўриқланмоқда.
Эрталаб, соат 7 да комендантлик соати томом бўлгач, Нур-Султон шаҳри яна кундалик тартибга қайтган. Кўчаларда йўналишли автобуслар пайдо бўлган, одамлар ишга кетмоқда.
Пойтахтда ҳукумат уйи биноси қаттиқ қўриқланяпти, шаҳар аэропорти қаршисида ҳарбий техника, қуролланган полициячилар турибди.
Қозоғистонда юз берган воқеалар жаҳон уран савдосига ҳам таъсир кўрсатди. Шу соҳага ихтисослашган “UxC” фирмаси ҳисоб-китоби бўйича, уран нархи чоршанба куни 8 фоиз ошган. Шунингдек, уран ишлаб чиқарувчи йирик корхона ҳисобланган “Казатомсаноат” компанияси акцияси нархи Лондон биржасида 11 фоиз тушиб кетган.
Дарвоқе, дунё бўйича ишлаб чиқариладиган ураннинг 40 фоиздан ортиғи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Уран 2021 йил сентябрда қарийб 25 фоиз қимматлашган эди.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА