Тоқаев Алиевни орден билан тақдирлади
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевни икки двлат ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Oltin Kyran” (“Олтин бургут”) ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Қозоғистон матбуот хизмати хабар берди.
Чоршанба куни Тоқаев расмий ташриф билан Бокуга етиб келган ва давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган.
“Шубҳасиз, мазкур ташриф мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Бугун жуда муҳим масалалар муҳокама қилинади. Музокара якунида бир қатор ҳужжатлар имзоланади. Ишончим комилки, икки томонлама ҳамкорлик, Қозоғистон - Озарбайжон муносабати янги босқичга кўтарилади”, деди Қозоғистон етакчиси.
Ўз навбатида Озарбайжон Президенти Қозоғистон раҳбарининг Бокуга ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида Озарбайжон Президентини Қозоғистоннинг олий давлат мукофоти – “Олтин бургут” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.