Албатта, ҳар бир инсоннинг исми, гўзал ва маъноли бўлгани каби жойларнинг, маҳаллаларнинг, кўча ва хиёбонларнинг аталиши ҳам тарихий, миллий, чиройли ва мазмунли бўлиши муҳим аҳамиятга эга.
Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси фаолиятининг аҳоли, тадбиркорлар учун зарур йўналишларидан бири бу топонимик номланишдир. У лотинча “топос” – жой, “онома” – исм, ном сўзларидан олинган бўлиб, жуғрофий номларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши, ўзгариши, тўғри ёзилишини ўрганади. Мазкур йўналишда Наманган вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, маҳаллий ҳокимларнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари билан Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси топонимика хизмати ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик натижасида географик объектлар номлари давлат реестрида жамланган 36 279 номнинг 10 975 таси давлат реестрига киритилди.
– Ҳозирга қадар вилоятдаги географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича 11 067 та ном Кадастр агентлигининг эксперт комиссиясига тақдим этилди. Шундан 9917 географик объект номига ижобий хулоса берилди. 1150 ном қайта кўриб чиқиш учун ҳудудий комиссияларга қайтарилди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Жасурбек Юсуфжонов. – Бундан ташқари, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган 7011 ном ўрганиб чиқилди. Қонунчиликка мос бўлган 9779 ном белгиланган тартибда Географик объектлар номларининг давлат реестри базасига киритилди.
Айни пайтда давлат реестрига киритилмаган 7833 кўча номининг 3858 таси Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг тегишли қарори билан тасдиқлаш жараёнида, 1975 таси бўйича ном бериш, экспертизадан ўтказиш учун тегишли ҳужжатлар тўпланмоқда. Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан мазкур йўналишдаги ишлар жадал давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири