Тонг яқин, оппоқ тонг яқин...
Инсон сўзининг луғавий маъноси унутувчи, эсдан чиқарувчидир.
Муносабат
Ҳаёт-синов майдони. Бу синовлар турфа ранг ва турфа кўринишда бўлиши мумкин. Ўтган асрнинг 20-йилларида Бухоро тўнтариши ва миллий-озодлик ҳаракатлари содир бўлган бўлса, айни кунларда халқимиз барча халқлар қатори кўринмас бир офат – коронавирус балоси билан курашмоқда.
Коронавирус билан қандай курашиш кераклиги, қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги ҳақида оммавий ахборот воситалари, мутасадди раҳбарлар мунтазам аҳолини хабардор қилиб боришмоқдаки, буларни такрорлашимга ҳожат йўқ. Фақат бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим. Коронавирус биз учун катта бир ҳақиқатни англатмоқда: барчага баравар келадиган бало-ю офатлардан илғор технология ҳам, ривожланган иқтисодиёт ҳам, қудратли армия ҳам бас келолмас экан. Бундай ҳолатларда адолат ва бирдамлик, яъни халқ ва ҳокимият бирлиги катта роль ўйнар экан. Давлат агар халқ манфаатларини ўйлаб иш тутса, халқ ҳам ўз ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватласа, бу офатдан деярли талофатсиз чиқиш мумкин экан. Аксинча, мамлакатнинг туристик имиджи ёки иқтисодий кўрсаткичини халқ соғлигидан устун қўйган ҳукуматлар ёки ҳукуматининг қарорларини назар-писанд қилмайдиган фуқаролар бошқалардан кўра кўпроқ коронавирус жабрини тортмоқдалар.
Давлатимиз раҳбари мунтазам равишда мамлакатдаги вазиятни танқидий таҳлил қилувчи йиғилишлар ўтказиб, тезкор қарорлар чиқараётгани, барча давлат ва жамоат органларининг сафарбар қилинаётгани, инсон соғлиги ва ҳаёти – ҳамма нарсадан улуғ эканини халқимиз кўриб, билиб турибди. Шунинг баробарида, таълим тизимида онлайн- масофавий таълим тажрибасини қўллаш, талабаларимизни имкон доирасида билим олишларига етарли шарт-шароитлар яратиш ҳам ушбу қўлланилган чораларнинг таркибий қисми бўлиб қолмоқда.
Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳам асосий фаолият тури коронавирус туфайли вужудга келган вазиятда нисбатан чекланган бўлса-да, аслида мунтазам илм-фан билан шуғуланмоқдалар, десам, муболаға бўлмас. Айни пайтда университетимизда 17 та фундаментал, 2 та инновацион, 3 та амалий лойиҳалар бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, филология факультетида каминанинг раҳбарлигида тўрт йилдан бери “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компоративистик таҳлили” мавзусида фундаментал тадқиқот яратилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида лойиҳа иштирокчилари томонидан бугунгача 7 та монография, 1 та дарслик, 1 та ўқув қўлланма, 1 та илмий мақолалар тўплами, 1 та илмий-танқидий матн, 30 та илмий мақола, 25 та конференция мақола ва тезислари эълон қилинди. Мазкур монографиялардан иккитаси хорижда – Германия Федератив Республикасида нашр этилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Чунки, сўнгги йилларда илм-фанга берилган эътибор ҳамда ташқи сиёсатимиздаги очиқлик тамойили олимларимизнинг фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
Айни пайтда камина ҳам кундалик ташвишлар билан банд бўлиб, анчадан бери охирига етказолмай қолганим монография – “Кўнгил ҳайратлари”нинг сўнгги таҳрири билан машғулман. Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги комил инсон ғояси, ҳайрат тушунчаси, кўнгил рутбалари ва бошқа масалалар салафлар ва халафлар ижоди мисолида қиёсий таҳлил этилган ушбу китоб ҳам Алишер Навоийнинг сирру синоатга тўла оламини ёшларга таништириш учун асқотар, деган умиддаман.
Тарихий манбаларда келтирилишича, 1257 йили Хулагу Бағдодни забт этиб, аҳолини қатлиом қилишга буюрганида, моҳир хаттотлардан бири жон сақлаш учун ҳафталаб уйининг ертўласидан чиқмаган экан. Тўс-тўполонда ўзи билан қалам ва сиёҳ олмаган хаттот нима қиларини билмай, бармоғини кесиб, қони билан оқ сурпда илоҳий каломни битишга киришган. Унинг бу асари хаттотлик тарихидаги энг олий асар, деб баҳолганган. Менинг ишончим комил – ўзбек олимлари карантин давридаги имкониятдан ижодий ва самарали фойдаланиб, миллатнинг руҳига дармон бўладиган оламшумул кашфиётлар, муҳим тадқиқотларни амалга оширишмоқда. Яқин даврда бу ўзининг самарасини беради, бу кунларни кўрмагандек бўлиб ҳам кетамиз, Худо хоҳласа. Академик шоиримиз Ғафур Ғулом айтганларидек:
Тонг яқин,
Тонг яқин, оппоқ тонг яқин...
Муслиҳиддин Муҳиддинов,
СамДУ профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси