Томошабин театрга қайта бошлади
Бухоро вилояти мусиқали драма театрида "Театр томошалари ҳафталиги" доирасида спектакл ва театрлаштирилган концерт дастурлари намойиши бошланди.
Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида бошланган Наврўз тантаналари театр кунлари тадбирига уланиб кетди. Вилоят мусиқали драма театридаги артистлар вилоят Наврўз байрами тантаналарида театрлаштирилган саҳна намойиши "Бухоро амирининг чет эллик элчиларни қабул қилиш маросими" ни ижро этди. Театрда эса томошабинлар куй-қўшиқлар ва ҳавода муаллақ турувчи дарвишлар, театр фойесида ташкил қилинган рассомлар кўргазмаси билан қарши олинди. Яна саҳна декорациялари ва тарихий спектакллар либослари кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди.

Ҳафталикнинг иккинчи кунида театр ихлосмандлари учун У.Уватов, Ш.Сапаева, Й.Муқимов ҳамкорлигида ёзилган "Имом ал Бухорий" спектакли намойиш этилди. Мазкур асар Ўзбекистон халқ артисти Убайдулло Омон режиссёрлигида саҳналаштирилди.
– Бугун ёмғирли, совуқроқ ҳаво бўлишига қарамасдан олдинги кунлардан кўра кўпроқ томошабин театримизга ташриф буюрди, – дейди Бухоро вилояти мусиқали драма театри адабий бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Моҳигул Назарова. –
Томошабинлар ҳар кунгидек театр фойесида миллий мусиқа садолари, рассомлар кўргазмаси ва театр либослари галереяси билан кутиб олинди. Бухоро шаҳри ва вилоятимиз туманларидан келган мухлислар учун "Хорижлик келин ёки бухороча тўй қиламан" комедияси намойиш этилди. Қувонарлиси шундаки, томошабин театрларга қайта бошлади.

"Театр ҳафталиги" нинг кейинги кунларида Озарбайжон адиби Ҳ.Жовиднинг "Шайх Санъон қиссаси" асосида саҳналаштирилган "Сегоҳ" драмаси, А. Мухторнинг "Бўронларда бордек ҳаловат" спектакли, театрлаштирилган концерт дастурлари ва театрнинг таниқли артистлари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА