Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, кўчат ва уруғларни етказиб бериш бўйича Тошкент вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2025 йилдан бошлаб жойлардаги 118 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг томорқа ерларида лимон ва узум кўчатлари экиш ишлари оммалаштирилади. Бу жараёнда Томорқа хизмат корхоналари, фермер хўжаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари аҳолига кўмаклашади. Режа бўйича мазкур йўналиш учун Бўка, Паркент, Оҳангарон, Бекобод, Пискент, Тошкент, Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Бўстонлиқ ва Қибрай туманлари танлаб олинган.

Масалан, Ўрта Чирчиқ тумани “Юқори овул” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 76 ёшли отахон Саидали Аҳмедов ўз томорқасидаги иссиқхонада лимончилик билан шуғулланиб, бу йил ички бозорга 2 тоннадан ортиқ лимон етказиб берди. Унинг бу меҳнатлари юксак баҳоланиб, ҳудуд масъуллари томонидан “Намунали томорқачи” кўкрак нишони топширилди. Аслида бу каби намунали томорқачилар вилоятда жуда кўп.

Шу билан бирга, ҳар бир туманда томорқадан етарли фойдаланмаётган маҳаллалар ажратиб олиниб, уларга маҳалла ходимлари бириктирилади. Бу тоифадаги оилалар билан яқиндан ишлаш тизими йўлга қўйилиб, маҳалла еттилиги бириктирилади ва назоратга олинади.
Ўз навбатида, Оққўрғон, Бўка, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Паркент каби туманларнинг айрим сув таъминоти оғир ҳудудларида томорқа ер майдонларини суғориш учун вертикал қудуқларни бурғилаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳам режалаштирилган.
А.Мусаев, ЎзА