Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Унда Президентимизнинг «2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони ва «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Унга кўра, жорий йил 1 июль ҳолатига 236,3 минг гектар томорқага эртаки экинлар жумладан, 106,1 минг гектар сабзавот, 5,8 минг гектар полиз, 62,2 минг гектар картошка, 8,4 минг дуккакли ва мойли ҳамда 53,8 минг гектар бошқа турдаги экинлар экилди. Помидор, бақлажон, булғор қалампири, дуккакли ва мойли экинлар экишга ерлар тайёрланмоқда.
Томорқа ерларини қаровсиз қолдирган Қашқадарё вилоятидаги 18784 та, Сирдарё вилоятидаги 9402 та, Жиззах вилоятидаги 9478 та ва Тошкент вилоятидаги 5325 та томорқа ер эгалари огоҳлантирилди. Сўнгра ерлари тайёрланиб, баҳорги сабзавот ва картошка экинлари экилди.
Аҳоли томорқаларда икки ва уч марта ҳосил олишни таъминлаш мақсадида ихчам иссиқхоналар қуриш кўламини жорий йилда камида 1,5 баробарга ошириш белгиланган бўлиб, ҳозирда 37,4 минг хонадонда (678 гектар) ихчам иссиқхоналар ташкил этилди. Шунингдек, 309 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида 5,9 минг гектар ерда дуга усулида иссиқхоналар ташкил этилиб, сабзи, пиёз ва бошқа турдаги сабзавот уруғлари экилди.
2022 йилда 36 та томорқа хизмати кластерини ташкил этиш бўйича «йўл харита»лари тасдиқланиб, ҳозирда уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 23,5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 ноябрдаги «Кўп тармоқли фермер хўжаликларини реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан жорий йилнинг 31 декабрь ҳолатига 78 минг фермер хўжалигидан 420 таси кўп тармоқли фермер хўжалигига, жумладан, Самарқанд вилоятида 11 минг 184 та, Қашқадарё вилоятида 10 минг 383 та, Фарғона вилоятида 8 минг 649 та ва Андижон вилоятида 7 минг 444 та, фермер хўжаликлари онлайн Реестрига киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил 160 минг 343 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш белгиланган бўлиб, жорий йил якуни билан бу кўрсаткич 136 минг 647 гектар майдонни ташкил этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларига ташрифи давомида Кенгашларга юклатилган вазифаларнинг ижроси хусусида ҳам сўз юритилди.
ЎзА