Юртбошимизнинг жорий йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тизимдаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Қарор ижросини таъминлашда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Бухоро вилояти Жондор тумани бўлими янги ташаббуслар билан майдонга чиқмоқда.
Айниқса, соҳа мутахассислари қиш фаслида ҳам ихчам иссиқхоналар орқали экспортбоп ва сердаромад маҳсулотлар етиштириш учун аҳоли билан доимий мулоқотлар ташкил этган. Туманнинг Обод маҳалласига қарашли Истиқбол қишлоғида яшовчи Ҳалим Мажидовнинг тажрибаларини ўрганиш, иссиқхона шароитидаги эзгу ва хайрли ишларни татбиқ этиш ҳам соҳа ривожида муҳим ўрин тутади.
– Мен томорқанинг ҳар бир қаричини ҳисоб-китоб қиламан, – дейди томорқа эгаси Ҳалим Мажидов. – Бодрингни августнинг охири, сентябрнинг бошида экканман. Шу кунгача 500 кг маҳсулотни бозорда сотдим. Очиқ майдонда эса саримсоқпиёз парваришланди. Ҳозир саримсоқпиёз ҳам сотувга тайёр бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 февралдаги “Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингандан сўнг ўтган 4 йил давомида Бухоро вилоятида аҳоли ихтиёридаги ихчам иссиқхоналарда лимон етиштиришга эътибор янада ошди. Масалан, Жондорнинг Обод маҳалласига қарашли Обод қишлоғида яшовчи Ғафур Ашуров лимончилик ҳадисини олган. У лимончиликда салмоқли натижаларга эришмоқда.
– Етти йилдан буён иссиқхона шароитида лимончилик билан шуғулланиб келяпман, – дейди томорқа эгаси Ғафур Ашуров. –140 туп лимон дарахтимиз бор. Ҳозир узилган лимонни уй шароитида то март ойигача сақлаш мумкин. Лимон ҳар жиҳатдан ҳам фойдали, шифобахш мева ҳисобланади. Барча орзу -ҳавасимиз шу томорқа орқали амалга ошмоқда.
Пешку туманидаги Бобоҳожи қишлоғида аҳоли томонидан мевали дарахт кўчатларини етиштириш асосий драйвер саналади. Айниқса, бу ерда кўчатлар мева данагидан кўпайтирилиб, серҳосил, сифатли мева навларига пайванд қилинади. Буни Танирут қишлоғида яшовчи Содиқ Акрамовнинг иш тажрибасидан ҳам билса бўлади. Яқинда Республика Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ушбу хонадонда бўлиб, кўчат етиштириш жараёнлари билан яқиндан танишди. Мазкур хонадондаги иш усулларини бошқа ҳудудларга кенг татбиқ этиш юзасидан соҳа вакилларига тавсия, кўрсатма ва маслаҳатлар берилди.
– Ўттиз сотиқ томорқа ерда ниҳолчилик билан шуғулланаман, – дейди Содиқ Акрамов. – Айни кунда 50 мингта тайёр мевали пайванд қилинган дарахтл бор. Кейинги йил учун ҳам 50 мингта пайвандланган мевали дарахтни парваришлаяпман. Бўш томорқа ерга тўқсонбости асосида саримсоқпиёз ва шолғом экдик.
[gallery-20287]
Мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганиш ва кузатувларга қараганда, сўнгги йилларда Бухоронинг иқлим ва тупроқ шароитида озиқ- овқат маҳсулотлари сифати ва салмоғи очиқ майдонлардан кўра, иссиқхона шароитида юқори бўлмоқда. Шунинг учун бўлса керакки, биргина Ғиждувон туманида катта-кичик иссиқхоналар сони кейинги 5 йилда икки баробарга кўпайди. Тумандаги Тодон қишлоғида яшовчи заҳматкаш ва фидойи аёл Нигора Қиличевага қарашли ихчам иссиқхонада бодринг ва лимондан олинаётган ҳосил салмоғи ҳам буни исботламоқда. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва “Маҳалла еттилиги” ушбу хонадон тажрибаларини тарғиб қилмоқда.
– Иссиқхонада лимон, мандарин, апельсин каби меваларни етиштиряпмиз, – дейди томорқа эгаси Нигора Қиличева. – Шу билан биргаликда бодринг экканмиз. Айни кунда бодрингни бозорга олиб чиқяпмиз. Бодрингнинг тагига картошка экишни режалаштирганмиз. Дастурхонимиз сервитамин маҳсулотларга тўла.
Вобкент туманидаги Шоҳнигор маҳалласида яшовчи Қўчқоровлар хонадонида эса нафақат оила дастурхони кўкатлар билан тўкин бўляпти, балки, бозорга ҳам маҳсулот чиқарилмоқда.
– Иссиқхона ташкил этганимизга 6 йил бўлди, – дейди томорқа эгаси Шавкат Қўчқоров. – Ҳар йили 3-4 марта ҳосил оламиз. Оила аъзоларимизнинг барчаси томорқада иш билан банд. Иссиқхона кони фойда. Меҳнат қилсангиз, даромад оласиз.
Иссиқхона шароитида маҳсулот етиштиришда Когон тумани Туткунда ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркор деҳқонларнинг олиб бораётган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Бу ерда иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришда истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, юқори самарадорликка эришилмоқда. Бунинг учун давлатимиз томонидан қулай имконият ва зарур имтиёзлар яратилганлиги иссиқхона эгаларининг оғирини енгил қилмоқда.
Туманда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг туман бўлими ўзаро ҳамкорликда ҳудудда тадбиркорларнинг ташаббусларини доимий қўллаб-қувватламоқда.
Мухтасар айтганда, Бухорода озиқ-овқат хавфсизлиги йўлида, қолаверса, йил давомида ички бозорларда ердан олинаётган сервитамин маҳсулотлар нархининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли бандлиги юзасидан кўлами катта ишларга қўл урилмоқда. Буларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари