Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани аҳолиси азалдан деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Улар томорқа ерларидан самарали фойдаланиб, етиштирган ҳосилни аввало ўз оиласи, ундан кейин эса бозорларга арзон ва сифатли тарзда етказиб бермоқда.
Эътиборлиси, томорқачиликда энг намунавий ишларни амалга ошираётган, барчага ўрнак бўлаётган оилалар тажрибаси бугунги кунда Оролбўйида кенг оммалашмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон-Либерал демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари, Жўқорғи Кенгес депутати Шарапат Отемисов, Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги OʻzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Муқаддас Бекназарова томорқачилик билан шуғулланувчи хонадон эгалари билан мулоқот қилди.
Бугунги кунда тумандаги “Таш-ёп” овул фуқаролар йиғинида 3 минг 242 нафар фуқаро 610 та хонадонда тинч-тотув яшаб келмоқда. Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Озод Аташов тўрт нафар фарзанди билан иссиқхонада турли қишлоқ хўжалиги экинлари ва гул кўчатларини парвариш қилиб келмоқда. Меҳнатига яраша бир-иккита енгил автомашина сотиб олди, тўйлар қилмоқда.
Уларнинг қўшниси Разия Қўчқарова ҳам ҳар йили кўчат етиштириб Манғит деҳқон бозорида сотиб келмоқда. Ҳар йили томорқа ҳисобидан 30-40 миллион сўм атрофида даромад қилмоқда.
Партия вакиллари хонадон эгаларининг ҳар бири билан суҳбатлашиб, тумандаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар иштирокида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича маҳорат дарсини ўтказишга келишиб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА