Томорқа – ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонларимиз тўкинлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Ҳамма гап ундан нечоғли оқилона фойдалана олишда.
Агар ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан унумли фойдаланса, экин экиш билан бирга, уй ҳайвонларини ҳам парваришласа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи тўла таъминлайди. Бозордан сотиб олишга кетадиган маблағни иқтисод қилиб бошқа эҳтиёжларига ишлатади. Қолаверса, рўзғордан ортган маҳсулотни бозорга чиқарган оиланинг моддий аҳволи янада яхшиланади.
Шунинг учун ҳам ҳозирда томорқа ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ишнинг кўзини биладиган, меҳнатдан қочмайдиган одамлар томорқанинг орқасидан қаддини кўтариб, мўмай даромад олмоқда.
Бухоро вилояти Вобкент туманида ҳам кафтдек еридан самарали фойдаланиб, оиласи фаровонлигини ошираётган миришкорлар кўп.
Туманнинг “Ғарибшоҳ” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Асбобсоз қишлоғи аҳолиси томорқачилик ҳадисини олган. Асли касби ўқитувчи бўлган Ориф ака Комилов ишдан бўш вақтида оила аъзолари билан мўъжазгина экин майдонидан унумли фойдаланиб, тўкин ҳаёт кечирмоқда. 4 сотих ерга турп етиштиради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томорқадан олинган бу йилги даромад 6 миллион сўмдан ошади. Ҳамжиҳатликда қилинаётган меҳнат ўз самарасини бермоқда.
Хонадонга кирган киши булғор қалампири етиштиришнинг ўзига хос усулларига гувоҳ бўлади. Томорқада етиштирилаётган анорлар эса кишининг ҳайратини оширади. Ер билан тиллашиб, ҳалол меҳнат билан ишлаб топилган даромад баракали бўлади. Хонадон эгалари ҳам даромади ҳисобидан замонавий уй-жойлар қуриб, тўй томошалар ўтказмоқда.
– Ёш авлодга таълим бераман, – дейди Ориф ака Комилов. – Бўш вақтимда фарзандлар билан томорқада ишлаймиз. Анор, турп, булғор қалампиридан яхши даромад олдик. Маҳсулотни бозорда ўзимиз сотамиз. Аслида томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи. Муҳими, бир жойда тўхтаб қолмаслик. Даромад меҳнатимизга яраша бўлмоқда. Нолимаймиз. Фарзандларимиз билан эл дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида меҳнат қиламиз.
Дарҳақиқат, меҳнат қилган кам бўлмайди. Туманда Томорқасидан унумли фойдаланиб мўмайгина даромад олаётган тадбиркор оилалар сони кун сайин кўпаймоқда.
Зариф Комилов, ЎзА