Томорқачиликдан барака топган тошлоқлик миллионер
Бир пайтлар олтиариқликлар томорқачиликнинг миришкори сифатида тилга олинган бўлса, бугунги кунда Фарғона вилоятининг бошқа туманларида ҳам бу борада катта тажриба мактаби яратаётганлар кўп. Ернинг ҳақиқий хазина эканлигини улар амалда исботлаб, яхши даромадга эга бўлмоқда.
Ер – инсоннинг ризқу рўз манбаи. Томорқачилик маданиятининг шакллангани эса қишин-ёзин бозорларимизни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, оилаларнинг даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Тошлоқ туманидаги “Заркент”, “Ахшак”, “Қумариқ”, “Варзак” каби маҳалла фуқаролар йиғинида юзлаб оилалар редиска, карам ва зираворлар етиштириш ҳадисини олган. Хусусан, 4 минг 305 нафар аҳоли истиқомат қиладиган “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинида томорқачилик маҳалланинг ўсиш нуқтаси сифатида белгиланган бўлиб, илғор тажрибалар тўпланган. Бу ерда аксарият хонадон лимон ва писта етиштириш билан шуғулланади.

Маълумотларга қараганда, икки юздан ортиқ аҳоли томорқасида иссиқхона бор. Жорий йилнинг ўтган даврида 24 та оилада лимончилик йўналишида янги иссиқхоналар ташкил этилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умиджон Мусаевнинг айтишича, ҳудудда 47 гектар томорқа майдони бўлиб, янгийўлликлар ерни жуда қадрлашади. Бу ерда бирорта бекорчи кишини учратмайсиз, барча ўз томорқасидаги юмушлар билан банд.

Зикрилло Раҳмонов хонадонига кириб борарканмиз, у киши бизни самимий кутиб олди. Томорқанинг ҳақиқий миришкори билан суҳбатимиз анча қизиди. У оила-аъзолари билан кафтдек ердан йилнинг тўрт фаслида ҳам яхши даромад олиб келади. Эътиборли жиҳати, писта кўчати парваришлашда бу оилага етадигани йўқ.

– Бу “Дўлана”, “Акбарий”, “Аҳмадий” навли хондон пистани экканимга 15 йил бўлди, – дейди у. – Ўн йилдан буён ҳосил беради, шу билан биргаликда ҳар йили 10 минг тупга яқин писта кўчати етиштирамиз. Ҳозирга қадар 200 миллион сўмлик кўчат сотдик. Кўпчилик писта дарахти узоқ йилда ҳосилга киради деб ўйлайди. Аммо бизнинг кўчатларимиз 3-4 йилда мева беради. Писта данакларидан униб чиққан ниҳолларга навдор писталардан олинган шоҳ ва куртакларни пайвандлаш муҳим ҳисобланади. Эрта баҳорда “искана”, ёз мавсумида “куртак” усулда улаш мақсадга мувофиқ.

Писта кўчатини етиштириш анча эътибор талаб қилади. Хонадондаги олти сотих иссиқхонада лимон етиштирилмоқда. Лимончилик ҳам сердаромад бўлмоқда. Ўтган йилдан олинган даромад салмоғи 80 миллион сўмдан ошди. Кичик иссиқхонада писта ва лимон кўчатлари тайёрланади. Паррандачилик, сут ва гўшт йўналишларида чорвалар боқувга қўйилгани ҳам оила даромади, фаровонлигининг маҳсули. Олтмишни қоралаган, оддий ва самимий бир гапириб ўн кулган Зикрилло ака нафақада бўлсада қўлидан кетмон тушгани йўқ. Писта кўчатчилиги, лимончилик борасидаги иш тажрибалари билан ўртоқлашиб чарчамайди. Ота иш амалларидан ибрат олган оила ёшлари сув йўлларини тартибга келтириш, экинлар тагини юмшатиш, мевали дарахтларга шакл бериш сингари баҳор юмушлари билан андармон.
Томорқадан олинган даромад туфайли рўзғори бут, тўйлар қилди, уйлар солди. Энг сўнгги русумдаги автомашинани миниб юргани ҳам меҳнат ортидан, албатта. Бугунги кунда бу каби оилалардан ибрат олиб, маҳаллада томорқасидан оқилона фойдаланаётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
М.Сулаймонов,
ЎзА