ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Қаҳрамон маҳалласида 3 гектар ер майдонида янги ташаббус – “Сурхондарё томорқа мактаби” ташкил этилди.
Ҳудудда 19 та лот ажратилиб, ҳар бирига юқори даромадли 24 турдаги экинлар экилди. Қулупнай, гулкарам, помидор, лимон, тарвуз ва яна кўплаб фойдали маҳсулотлар ерга жон киритмоқда.
40 нафардан, йил давомида эса жами 600 нафаргача фуқаро, жумладан кам таъминланган оила вакиллари қисқа муддатли дала тренингларига жалб қилинмоқда. Дарслар бир вақтнинг ўзида назарий ҳамда амалий тарзда олиб борилади. Бу ерда нафақат сабзавот ёки мева экиш балки, ноёб гулларни ўстириш техникаси, суғоришнинг замонавий усуллари, дарахтларни пайвандлаш сир-асрорлари, ҳудудга хос экинлар танлаш ва агробизнес режалаштиришгача барча билимлар тажрибали агрономлар, фан номзодлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар томонидан олиб борилади. Айни кунга қадар 8 босқичда 300 нафар фуқаро ўқитилди.
[gallery-25534]
Мактаб иссиқхонасида цитрус мевалар лимон, мандарин, апельсин ва банан кўчатларини ўстириш усуллари амалий тарзда ўргатилмоқда. Аслида банан тропик минтақаларда, айниқса Жануби-шарқий Осиё ва Африкада қўп учрайди. Ўртача 9-12 ойда ҳосил беради. Ҳар бир дарахтдан 25-40 килограммгача банан олиш мумкин. Иссиқлик, намлик ва ёруғлик барқарор бўлса юртимизнинг жанубий ҳудудларида ҳам яхши етиштирилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА