Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида махсус жамғарма фаолиятини бошлади.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мақсади юртимизда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий қўллаб-қувватлаш ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантиришдир.
Ўтган йиллар давомида мазкур жамғарма томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, “Томорқа хизмати” МЧЖлар, қишлоқ хўжалиги кооперативлари молиявий қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Шунингдек, кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш, соҳага инновацияларни жорий этиш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш, аграр тармоққа янги самарали технологияларни жорий қилишга ҳам кўмаклашилмоқда.
Жамғарма қишлоқ хўжалиги фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи тармоқ ва ҳудудий дастурларни, лойиҳаларни ҳамда тадбирларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, жамғарма томонидан ўтган 6 йил давомида 119 мингдан ортиқ томорқа ер эгаси ва тадбиркорга 2 триллион 270 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида 7 мингдан ортиқ ташаббускорга 217,2 миллиард сўм имтиёзли кредит сифатида ажратилди.
– Ажратилган маблағлар эвазига аҳоли томорқаларида 61 минг гектардан ортиқ 1-2 сотихли ихчам иссиқхоналар ташкил этилди, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассиси Салоҳиддин Усмонов. –Шунингдек, 340 минг бошдан ортиқ чорва, 1 миллион бошдан ортиқ зотдор парранда, 43 мингдан ортиқ асалари уяси, 68 мингдан ортиқ мотокультиватор харид қилиниб, 42 минг нафардан ортиқ томорқачи доимий ва мавсумий иш билан таъминланди.
Аҳоли хонадонларига бир вақтнинг ўзида 12 та турдаги хизмат кўрсатишга ихтисослашган “томорқачилик кластерлари” сони 75 тага етказилди. Шунингдек, юртимиз бўйлаб ташкил этилган 3 минг 526 та “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан 678 мингдан ортиқ хонадонга хизмат кўрсатилмоқда.
Мисол учун, жамғарма маблағлари ҳисобидан устав фондини шакллантириш йўли билан Тошкент вилоятида очилган "Янгийўл – Марказий томорқа хизмати" МЧЖ ва "Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази томорқа хизмати" МЧЖларга 14 миллиард 288 миллион 747 минг сўм миқдорида ресурс ажратилган. Бунинг эвазига аҳолининг деҳқончилик борасида илмий салоҳиятини ошириш ҳамда томорқадан унумли фойдаланишида кўмак бериш мақсадида намунавий уйчалар ва ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Бу эса аҳолининг ердан унумли фойдаланиш борасидаги амалий ва назарий билимларини янада оширишда қўл келмоқда.
Ажратилаётган маблағлар эвазига ва амалий учрашувлар самарасида ҳудудларда 40 дан ортиқ замонавий иссиқхона ишга туширилди ва йилига уч маротабагача ҳосил олиш тажрибаси оммалаштирилди. Шунингдек, бозорларимизга хавфсиз ва ҳамёнбоп маҳсулотлар чиқариш, боғдорчилик, чорвачилик, балиқчилик каби йўналишларда ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА мухбири