Томорқаси қаровлининг дастурхони ёпилмас
Томорқа. Ақлимни таниганимдан буён томорқанинг қадрига етадиганлар орасида бўлганим учун камбағаллик нималигини сезмаганмиз. 16 сотихли еримизнинг ярми боғ бўлса, ярмида сабзавотлар етиштирилар эди.
Муносабат
“Бундай даврда томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш хиёнат деб баҳоланиши керак”
Президентимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказган видеоселектр йиғилишидан.
***
Томорқа. Ақлимни таниганимдан буён томорқанинг қадрига етадиганлар орасида бўлганим учун камбағаллик нималигини сезмаганмиз. 16 сотихли еримизнинг ярми боғ бўлса, ярмида сабзавотлар етиштирилар эди. Уйимиз эркаклари кун узоғи далада бўлганлари учун томорқани асосан момом, энам ва опам обод этар эди. Ариқ ва жўя тортиш каби оғир ишларни тонг ёришиши билан то қуёш чиққунча ҳамма биргаликда бажарганининг гувоҳи бўлганман.
Картошка, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, шолғом, қизил лавлаги, бўлғор қалампири, турп, помидор, бодринг, бақлажон, дармон-дори кўкатларнинг барча тури, мош, нўхат, ловия, қовоқ,ҳатто қаҳвагача томорқамизда етиштирилгани учун буларни бозорда сотилишини ҳатто тасаввур қилолмас эдим. Сигирларимиз борлиги учун сариёғ, қатиқ, қаймоқ, сузмадан камчилигимиз йўқ эди. Дўконга ун, туз, чой, шакар, конфет, оқ қант, совунлар учунгина борилар эди, халос. Паррандалардан: 50 дан ортиқ товуқ, 30 дан ортиқкуркалар қишин- ёзин тухум қилар эди. Бизга бозор жуда узоқ бўлиб, унга кийим-кечак, китоблар, ўқув қуроллари ҳамда кетмон, теша, ўроқ кабиларни сотиб олиш учун борар эдик.Мактабга бориб, оқ-қорани таний бошлагач, мен айтган мева ва сабзавотларнинг ярмини, айримлар эса деярли барчасинибозордан сотиб олишига гувоҳ бўлдим. Раҳматли Жўрақул амакимколхозимизда бригадир эди. Ҳар йили февраль ойининг охирларида қишлоғимиз аҳлини йиғиб “Томорқа мажлиси” ўтказарди. Мен бу мажлисга боришни жуда-жуда хоҳлар эдим. Етти ёш бўлганимда мени ҳам “Томорқа мажлиси”га олиб бордилар. Мажлисда ҳашар йўли билан қишлоқ ичидаги ариқларнимарт ойининг бошига қадар қазиб, тозалаш келишиб олинди. Сўнгра бригадир қўлига катта сариқ дафтарини олиб, ўтган йили томорқага яхши қараб тўқ-тўкин яшаётган оилаларнинг аъзоларига раҳмат айтди. Томорқага қарамайдиган, натижада бири икки бўлмайдиган оилаларнинг аёлларини кўпчилик олдида аямасдан изза қилди. Бригадир негадир эркакларга индамай, фақат аёлларга дакки берди. ”Уйингизда экин-текин қатқалоқ қотиб, ёввойи ўт босиб ётадию сиз қуёш чиққунча ухлайсиз, уйингизда на бир дарахт яшилланади, на томорқа баракага киради. Бу йил сизга ипак қурти ҳам бермаймиз. Ипак қуртини ҳам нобут қилиб, уволига қолаяпсиз. Айрим оилаларнинг боғлари қаровсизликдан йилдан-йилга қуриб бораётганиюдарвозасининг олди гул кўрмай ўтаётганигача гапирилди. Мажлис охирида фақат эркаклар олиб қолинди. “Улар учун эркакчасига йиғилиш” бўлиши ҳаммага аниқ эди. Хуллас, Жўрақул амаким қишлоғимиз аҳлини камбағал бўлишига йўл қўймас эди. Йилдан-йилга пахтанинг меҳнати оғирлашар, деҳқоннинг маошидан эса уч, тўрт ойлаб дарак бўлмас эди. Бўлганда ҳам у пулга мушук офтобга чиқмасди. Шунинг учун биз қишлоқ аҳлининг даромади томорқадан бўлган.
Пахта ташвиши қишлоқларни шундай ўраб олган эдики, одамлар томорқасига ишлов бериш учун кечаю кундуз имкон қидирар эди. Ой ёруғида томорқасида кетмон чопаётган оталар, тонг оқариши билан жўякларга ниҳол қадаётган оналар, тун қоранғусида фонус ёритиб эгатлар оралаётган ёши катталарни кўриб камолга етдик.
Ҳавлилардаги боғларидан қоп-қоп ёнғоқ берадиган бобо ёнғоқлар, сават-сават туршак берадиган ўриклар, тонна-тоналаб ҳосил берадиган олмаю анорлар, узумлару анжирларнинг ёзу кузнинг ўзидан, қишда майиз-ю туршагидан даромад келар эди. Колхозчининг қўли фақат томорқадан, моли-ҳолидан пул кўрарди. Турғунлак йиллари одамларнинг қўлини томорқадан ҳам совутди. Даромад солиғи, қўшимча даромад солиғи бир томонда чопоннинг енгидан тортиб турса, аҳоли томорқасига бериладиган сув етишмовчилиги яна бир томонданҳафсалани пир қиларди. Шундай замонлар бўлдики, ҳаттонуронийларнинг нафақа пули тўрт ойлаб, деҳқонларнинг ойлик маошлари ярим йиллаб кечикиб берилар, берилганда ҳам ярим-ёрти. Қишлоқда яхшаш учун темирдан бардош керак эди.
Ўша бардош топилди. Қишлоқ дастурхонлари баракаси учган замонларда ҳам одамлар эзгу ниятлар билан ерга эгилиб яшади.
Мана бугун ўша орзулар рўёбини кўрдик. Ҳар бир хўжаликнингсерҳосил томорқаси бор. Бу хазинадан уч, тўрт марта ҳосил олишга эришилмоқда. Қўлбола иссиқхоналардан тортиб, замонавий иссиқхоналаргача қишин-ёзин “қайнар хумча”дек қайнаб турибди. Томорқанинг ҳадисини олганлар ерга маҳкам “ёпишдилар”. Қаддини кўтариб, иморатлар қурмоқда, болаларининг олий ўқув юртларидаги шартнома тўловларида ҳам қийналмаяпдилар. Сиҳатгоҳларда даволанишга ҳам пул топилмоқда. Нимани орқасидан? Албатта, томорқанинг орқасидан. Қишлоқ хонадонлари интернетга уланган,замонавий музлатгичлар, кир ювиш машиналари, сўнгги русумдаги мебеллару ошхона жиҳозлари билан таъминланди.
Ҳамма хонадонларда ҳам мана шундай ишчанлик кайфияти мавжудми?Афсуски йўқ. Ҳали ҳамон тартибга солинмаган томорқалар, ишлов берилмаган дарахтлар, қишин-ёзин қаровсиз ер-жойлар худди қишлоқнинг ўгай боласидек ажралиб туради.Йиллар ўтаяпти, уларнинг томорқасининг умри ҳам ўтаяпти. Томорқа тажрибасини ҳам одам бирдан ўрганиб қолмайди. Бир йил, икки йил, уч йилларда ҳақиқий томорқачи бўлади инсон. Ўша хонадонлар аёллари ”Нима қилай, ёш болаларига қарайинми, томорқага қарайинми? – деб, ўзларини оқлайди. Эркаклари эса “ Бизнинг еримиз шўр шунинг учун экин бўлмайди. Ёзга бориб қовжираб, меҳнатимизга куйиб қоламиз”– дея ёзғиради. “Қўшниларингиздан ўрнак олсангиз бўладику” – деймиз куйиниб. Элимизда“Қаловини топсанг қор ҳам ёнади” – деган нақл бор. Гап қаловини излашда, ҳаракатда. Барибир тупроққа меҳр бериш керак. Ер уволи ёмон. Бугунги кунда 4 ярим миллион гектар ер деҳқон хўжаликлариники бўлса, 435 минг гектар ер томорқа эгалариникидир.
Афсуски, республикамизнинг айрим қишлоқ жойларида ҳали ҳам ернинг умрини исроф қилаётганларнинг гувоҳи бўлдик. Улар билмайдиларки ер шарининг 70 фоиз аҳолисининг бир қарич ҳам ўз томорқа ери йўқ. Бугун ер шарининг800 миллион одами тўйиб овқатланмайди.Бу бани башариятнинг 12 фоизи демакдир. Табиий тоза сабзавот олиш учун японлар кўп қаватли уйларининг устига тупроқ ташиб, сув чиқариб ҳосил олмоқда. Турклар адирларнинг нишаб жойларида деҳқончилик қиладилар, ҳар йили баҳорда сел тошқинлари нуратиб юборсада қайта-қайта экин экаверадилар. Ҳар йили картошканинг юзлаб турини яратишдан тўхтамайдиган голландлар, сувни тежаш учун минглаб лойиҳалар устида тажриба ўтказаётганхитойликлар, ҳатто ойда ўсимлик экиш мумкинми ёки йўқлиги борасида бош қотираётган америкаликларнинг мақсадиа ҳам келажак озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир. Аграр соҳани ривожлантириш учун жуда қулай тупроқ ва иқлим шароити билан Аллоҳ томонидан тақдирланган заминимизда томорқаларни исроф қилаётган айрим юртдошларимизнинг лоқайдликлари бугун ҳақиқатдан ҳам хиёнатдир. Халқимизда тилдан-тилга ўтиб келаётган ҳикматлар ҳеч қачон мазмунини йўқотмайди.
Боғни боқсанг боғ бўлур,
Ботмон дастир ёғ бўлур.
Боқимсиз тоғ бўлур,
Юрак бағринг доғ бўлур.
Азиз юртдошим! Телевизор экрани орқалидунёнинг қайсидир бурчакларида очликдан қоқ суяк бўлиб кетган одамларга, уларнинг етовида “Нон беринг! – дея, миттигина қўлларини чўзаётган гўдакларга кўзингиз тушганми? Тушган бўлса ўрнимиздан турайлик! Турган бўлсак томорқага кирайлик! Оёқларимиз остидаги хазина – тупроққа эгилайлик. Ҳар бир қарич ерни қадрига етмас эканмиз, биздан омадюз ўгиради, дастурхонимиздан баракакетади, қўлимиздан пул қочади. Хонадонидан бараканибездирган одам, ризқ излаб дунёнинг нариги бурчига борса ҳам бекор.
Бойлигимиз, боболаримиз қўш қўшиб, омоч ҳайдаган ерларда, оталаримиз пешона терлари билан бўғдой ўрган далаларда, момоларимиз тонгларнамоз ўқиган боғларда, оналаримизнинг оқ рўмолларига оқ тутлар тўкилган саҳархез чоғларда.
Хазинамиз томорқамизда, тақдиримиз томорқамизда. Ўзбекнинг ҳар зарраси олтин заминига эгилганнинг қадди баланд бўлади. Ори осмон келади. Дастурхони тўкис одамнинг болалари бировнинг боғига ораламас, ўзганинг чорбоғига мўраламас. Кўзи тўқ одамнинг ўғиллари ўз боғида олтин ошиқ ўйнайдилар, қизлариатиргуллар ҳидлайдилар. Ният – ўша бахтиёрлар менинг, сизнинг – ўзбекнинг болалари бўлсинлар.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.