Томорқадан қандай фойдаланаяпсиз?
Юртимизда кўкламнинг майин эпкинлари эсмоқда, борлиқ уйғониб, табиат ўзгача тусга кириб бораяпти.
Қишлоқ хўжалиги
Юртимизда кўкламнинг майин эпкинлари эсмоқда, борлиқ уйғониб, табиат ўзгача тусга кириб бораяпти.Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ташаббуси билан Чиноз туманида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўйишдан иборат бўлди.
Вилоятда бугунги кунда 458 минг 800 та томорқа ер эгаси мавжуд бўлиб, улар 31 минг гектардан ошиқ ерда деҳқончилик қилади. Томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм ҳамда “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида тижорат банкларининг мақсадли жамғармалари ҳисобидан 96 миллиард сўмни томорқаларга йўналтириш назарда тутилган.
– Томорқа ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этишни биринчи навбатда хонадонма-хонадон ўрганиб чиқдик, – дейди Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари Зоир Эшнаев. – Маълумки, ўтган йилдан бошлаб ҳар бир туманда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилган эди. Улар томорқалар учун кўчат, минерал ўғитлар ва кимёвий преператлар етказиб беради, шунингдек, механизация ва сервис хизматларини кўрсатади. Бугунги кунда вилоятда “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан аҳоли томорқаларига 29 минг туп дарахт кўчати, 12 минг 500 килограмм картошка ва сабзавот уруғи, 840 та майда шохли чорва моли, 2 минг 500 дона парранда, 530 қуён етказиб берилган ва 300 сотих майдонда иссиқхона қурилди.
Семинар доирасида Чиноз тумани “Томорқа хизмати” МЧЖнинг фаолияти билан таништирилди. Ишчи гуруҳи уйма-уй юриб, томорқа ер эгаларининг ердан мақсадли ва самарали фойдаланиши, шу жумладан, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхона қуриш, томорқа маданияти, аҳолини қийнаётган муаммоларни тизимли ўрганиб, уларга маслаҳат ва амалий ёрдам бериб келаяпти.
Тадбир иштирокчилари ҳудуддаги аҳолининг томорқадан фойдаланиш аҳволи билан танишди.
– 2018 йилги айланма маблағимиз 300 миллиондан ошди, – дейди Чиноз тумани “Томорқа хизмати” МЧЖ раиси Насиба Муҳаммадхўжаева. – 297 та кам таъминланган аҳолига кўчат етказдик. Апрель ойида полиз экинлари, помидор ва бодрингдан 9 минг та кўчат етказмоқдамиз. Шу қаторда аҳолининг ерларини чопиб, экинларини экиб бериш, ҳар-хил зараркунандаларга қарши курашиш каби юмушлар бор. Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг моддий-техник аҳволини мустаҳкамлашга амалий ёрдам кўрсатилаяпти. Бу эса тизим корхоналарининг хизмат кўрсатиш кўламини янада кенгайтиради.
Қайд этиш жоизки, бугун вилоятда деҳқончиликка илмий асосда ёндашиб, маҳсулот етиштиришнинг инновацион усуллари жорий этилмоқда. Гидропоника усулида иссиқхоналар, интенсив боғлар яратиш, мева-сабзавотларни сақлаш учун замонавий совутиш тизимига эга омборхоналар қуриш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Аҳолини озиқ-овқат махсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, худуднинг экспорт салоҳиятини оширишда “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг ўрни беқиёс.
Бу каби тадбирлар соҳадаги муаммоларнинг ечимини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ж.ГАЛАЕВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси.