Томорқачилик – фаровонлик омили
Қўрғонча – Ёзёвон туманидаги обод ва фаровон қишлоқ. Бу ҳудуд ҳақида гап кетганда, барча қишлоқнинг ўзига хос ҳаёт тарзи, меҳнатсевар, фидойи инсонлари ҳақида жўшиб сўзлайди.
Қўрғонча – Ёзёвон туманидаги обод ва фаровон қишлоқ. Бу ҳудуд ҳақида гап кетганда, барча қишлоқнинг ўзига хос ҳаёт тарзи, меҳнатсевар, фидойи инсонлари ҳақида жўшиб сўзлайди. Айниқса, истиқлол йилларида қишлоқ янада чирой очиб, замонавий қиёфа касб этди. Бир-биридан кўркам иншоотлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, кенг ва равон йўллар, кўча бўйидаги турфа гуллар баҳри дилингизни очади.Ёши катта юртдошларимиз яхши эслайди. Бир пайтлар томорқасида етиштирган маҳсулотини сотаман деб, қўлига кишан солинганлар қанча эди. Оила даромади деган тушунчалар йўқ эди. Мустақиллик туфайли ўз эркимизга, ўз еримизга эга бўлдик. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда. Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон, Бешариқ, Қува каби туманларидаги қишлоқларда кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини ҳам, бозорни ҳам арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминламоқда. “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини худди шулардан бири.
Мазкур маҳаллада яшовчи Тўлқин Тошпўлатовлар оиласи томорқадан унумли фойдаланишда кўпчиликка ибрат. Хонадон эгалари томорқада асосан сабзавот ва кўкат етиштиради. Қишнинг қаҳри кетиб улгурмай томорқадаги ишларини бошлаб юборадиган бу миришкорлар эртапишар картошкадан юқори ҳосил олади. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, бу йил ана шу экиндан 3 миллион сўмдан зиёд фойда олинди. Кичик боғни эслатадиган турли-туман мевали дарахтлар шохи ҳосил кўплигидан эгилган.
Томорқада лимончилик ҳам ривожланаётир. Беш сотих майдондаги лимон кўчатлари бу йил ҳосилга кирди. Бундан ташқари, чорвачилик ва паррандачиликда ҳам етарли тажриба тўпланган.
Тўғрисини айтганда, марказий Фарғона ерларида деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Қумлоқ ерда гиёҳ ундириш, парваришлаш кўп меҳнат, билим ва сабр-тоқат талаб этади. Масалан, далани экинга тайёрлашда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Суғориш куннинг иссиғида амалга оширилса, ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади. Шу боис бу ерда экинга кечки салқин ёки тонг саҳарда сув таралади. Натижада намлик узоқ сақланиб, ҳосилдорлик салмоғи ошади.
– Аҳоли томорқа майдонлари 90 гектарни ташкил этади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдухалил Эҳсонов. – Томорқачилик тўкин-сочинлик, фаровонлик манбаи эканини маҳалла аҳли яхши билади. Аксарият хонадонлар кафтдеккина томорқадан йилига уч-тўрт марта ҳосил олади, деҳқончиликнинг самарали усуллари тезда оммалашади. Томорқада эртапишар картошка, карам, помидор, сабзи, пиёз, турли кўкатлар етиштирилади. Жорий йилнинг ўзида 13 хонадонда лимончилик йўлга қўйилди. Камчиқим, аммо сердаромад ҳосил олишнинг ушбу интенсив усули ортидан тўкин яшаётган, аҳолига нафи тегаётган миришкорлар кўпайиб бормоқда.
“Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Бегали Жабборов мўл ва сифатли лимон етиштиришнинг ҳадисини олган. Суяги меҳнатда қотган деҳқон 16 сотих томорқасида лимондан ҳар йили 10 миллион сўмдан зиёд соф даромад олаётир. Маҳмуджон Кабиров ҳам маҳалладошига эргашиб лимон етиштириб кам бўлгани йўқ. Энг муҳими, бу каби ишларни Қўрғончадаги ҳар бир хонадон томорқасида кузатиш мумкин.
– Лимон кўчатлари уч йилда ҳосилга киради, – дейди Бегали Жабборов. – Шу йиллар давомида лимон тагида турли сабзавот экинлари парваришланади. Ҳатто қиш фаслида ҳам турли ош-кўк, зиравор етиштириб бозорга чиқариш мумкин. Меҳнатга яраша даромад деганидек, тер тўккан кишининг оиласи тўкис ва фаровон яшамоқда.
Қўрғонча аҳлининг томорқачилик маданияти юксалиб бораётгани нафақат аҳоли бандлигини таъминлашга, балки оилалар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётир.