Оққўрғон туманида “Сув танқислиги шароитида муқобил энергиядан фойдаланиб аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик экинларини томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш” мавзусидаги инновацион лойиҳанинг расмий очилиши бўлиб ўтди.
Унда Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Бутунбаев, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи Делегациясининг Ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Вим Риепма, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, Оққўрғон туман ҳокими Тўра Боболов, илмий-тадқиқот институти олимлари, томорқа эгалари иштирок этди.

Дастлаб, инновацион лойиҳа доирасида тумандаги “Қўштепа” МФЙ Беғубор кўчасида 180 метр чуқурликда вертикал суғориш қудуғи, 10 та аҳоли томорқаларига томчилатиб суғориш тизими ва 16,8 кВт соат электр энергия ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 30 дона қуёш панеллари ўрнатилди. Семинарда лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди.

Муқобил энергия орқали тик суғориш қудуқлари сувидан фойдаланиш асосида аҳоли томорқаларидаги экинларни томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишда эришилган натижалар билан танишилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар EU-AGRIN лойиҳаси доирасида Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация сув муаммолари илмий тадқиқот институти томонидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, “Иқлим ўзгариши шароитида аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик экинларини алмашлаб экишда экин турлари бўйича суғориш меъёри, суғориш давомийлиги ва суғориш тартиби” мавзусида амалий ўқув-семинари ташкил қилинди. Унда мутахассислар томонидан белгиланган мавзу доирасида иштирокчиларга маълумот берилди.
А.Мусаев,ЎзА.