Андижонда глобал иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда сув танқислиги муаммосини ҳал этишнинг устувор йўналишлари, сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда суғоришга илғор технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган семинарда қишлоқ ва сув хўжалиги тизими мутасадди ва мутахассислари, кластер корхоналари масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, суғориш бўйича илғор технологиялар етказиб берувчи корхоналар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Семинарда мавзу доирасида вилоятда амалга оширилган ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича таҳлил этилди.
– Жаҳон миқёсида сув танқислиги йилдан-йилга ортиб бораётган бугунги шароитда, айниқса, қишлоқ хўжалигида, суғоришда сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Агроинспекция Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Сардорбек Абдулахатов. – Шу маънода ўтказилган семинарнинг мақсади ҳам вилоятда мазкур йўналишдаги ишларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, суғоришда сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш, илғор тажриба ва иш услубларини оммалаштириш, мазкур тизимда иш олиб борувчиларнинг билим ва малакасини юксалтиришга қаратилган.
Семинарда дастлаб Ўзагроинспекциянинг Андижон вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг январь-октябрь ойларида сувдан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича 2 мингдан ортиқ назорат тадбирлари ўтказилганлиги айтиб ўтилди. Ўрганишлар натижасида 2 минг 524 та камчилик ва қонун бузилиш ҳолати аниқланган бўлиб, ушбу ҳолатлар бўйича 1 минг 655 та огоҳнома, 1 минг 437 та ёзма кўрсатма, 34 та тақдимнома ҳамда 220 та қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар юборилган. 833 нафар фуқарога нисбатан инспекция ваколати доирасида маъмурий иш қўзғатилиб, уларга 298 миллион 811 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Андижон вилоятида 27 минг 110 гектар пахта майдонида томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 15 минг 615 гектар майдонда томчилатиб суғориш ишлари олиб борилди. Томчилатиб суғориш борасидаги ишларни ташкил этиш учун фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарга 100 миллиард 254 миллион субсидиялар ажратилди. Вилоятда 27 минг 985 гектар майдонда суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича тузилган шартномаларга асосан, 2 минг 360 фермер хўжалиги ҳамда кластер корхоналарнинг 22 минг 693 гектар майдонида ана шу ишларни жорий этиш учун 344 миллиард сўм миқдорида молиявий кўмак берилди. Натижада 2021 йилда пахта етиштирилган 17 минг 189 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилиб, ишга туширилди.
Вилоятда мевали боғ, ток ва бошқа экин майдонларининг 5 минг 505 гектар қисмида томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилиб, ишга туширилди.
Бундан ташқари, семинарда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш юзасидан ҳам муайян ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди. Хусусан, вилоятда «Агро NEW DRIP”, “NETAFIN” ҳамда “AGROPOSITIVE” МЧЖ сингари пудрат ташкилотлари кўмаги билан Туркия, Исроил давлатлари технологиялари асосида 100 гектар майдонда мазкур усул тўла жорий этилди.
Семинарда пахта ва ғалла майдонларида сув тежамкор суғориш технологияларини қўллашнинг афзалликлари хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. Масалан, Андижон туманидаги “GOLD FAYBIR” фермер хўжалиги 10 гектар пахта майдонга томчилатиб суғориш технологиясини жорий этди. Аввалги йилларда ҳар гектар майдондан 20-22 центнергача ҳосил олинган бўлса, бу йил ҳар гектардан 35 центнергача ҳосил олинди.
Шаҳрихон туманидаги «Барака», «Карнайчи саховати», «Омад» фермер хўжаликларида ҳам томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгач, ҳосилдорлик 35 центнердан 50 центнергача ортган. Қўрғонтепа туманидаги «Интер агро стар» фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 64 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Хўжалик экин майдонларидан аввал 60 центнергача ҳосил олинган бўлса, бу йил ҳосилдорлик 80 центнерга кўтарилган.
Мутахассислар томонидан томчилаб, ёмғирлатиб суғориш технологиялари, шунингдек, эгилувчан қувурлар орқали суғориш усулини жорий этиш тартиблари, харажатлари, самара ва натижалари, мазкур йўналишда иш олиб борувчи мутахассислар билим ва малакасини ошириш, уларни ўқитиш бўйича тавсия ва таклифлар билдирилди.
Семинар якунида мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА