Томас Майер: Европадаги инфляция еврони йўқ қилади
Европа Иттифоқида узоқ муддатли инфляция бўлиши кутилаётгани, бу эса еврони йўқ қилишга қодирлигини Германиянинг “Deutsche Wirtschafts Nachrichten” нашрига берган интервьюсида “Deutsche Bank” собиқ бош иқтисодчиси Томас Майер маълум қилди. Бу ҳақда “RТ” хабар берди.
Иқтисодчининг фикрича, Европа валютаси тобора беқарорлашиб бормоқда. Шу билан бирга, Европа марказий банки вазиятга таъсир қилиш учун ҳеч нарса қилмаяпти, фақат банкнотларни чоп этишда давом этмоқда.
Томас Майернинг фикрича, ЕИ мамлакатларидаги инфляция нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва ижтимоий оқибатларга олиб келади.
Аввалроқ, март ойида евроҳудудда инфляция 7,5 фоизга етиб, тарихий рекордни янгилагани хабар қилинганди.
“Euronews” хабар беришича, бу ҳолат фуқароларнинг катта норозилигига сабаб бўлган. Намойишлар тўлқини Европанинг бир қатор давлатларини қамраб олган ва экспертларнинг фикрича, яқин келажакда пасайиши даргумон.