Тома-тома кўл бўлур
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими жамоаси аъзолари ҳам ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақини “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб беришга қарор қилди.
Эл бошига иш тушганда
Фуқароларимизни COVID-19 пандемиясидан асраш, вирус аниқланган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, коронавирус инфекциясини тарқаб кетишини олдини олиш мақсадида Сирдарё вилоятида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эл бошига иш тушган мураккаб синовли кунларда халқимиз учун кўрсатилган ғамхўрликнинг яққол ифодаси бўлди.
Мамлакатда карантин тадбирлари бошланган кунларда меҳр-мурувват, саховат каби халқимизга хос хислатлар янада кўпроқ намоён бўлмоқда. Коронавирус пандемиясига қарши курашда халқимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар ҳам бунга яққол мисолдир.
Юзага келган бугунги вазиятдан келиб чиқиб, республикамизда яшаётган ёрдамга муҳтож, ёлғиз кексалар, боқувчиси йўқ оилаларга кўмак беришда қатнашиш юксак инсонийлик фазилат ҳисобланади. Жамиятда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам сингари эзгу ғояларга қаратилган умумхалқ ҳаракатида Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими жамоаси аъзолари ҳам ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақини “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб беришга қарор қилди.
– Жамоамизнинг бир кунлик иш ҳақи коронавирус балосини даф этиш йўлидаги кураш учун зарур маблағ миқдорини ҳисоблаганда уммондан томчи бўлишини яхши тушунамиз, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ғайбулла Юсупов. – Аммо, халқимизда тома-тома кўл бўлур, деган ажойиб ҳикмат бор. Чунки ҳар қандай кўл, денгиз, уммон ҳам томчилардан ҳосил бўлади. Биз барчамиз, яъни ишли ўзбекистонликларнинг ҳар бири бир кунлик иш ҳақимизни “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб бериш билан коронавирусга қарши курашдаги юртимизнинг бир корига ярашига иймоним комил.