Тўлқин Қиличев Сербияга бормайди. Нега?
Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича ўтадиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг шижоатли мураббийларидан бири Тўлқин Қиличев иштирок этмайди.
Жаҳон чемпионати олдидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берган Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев мазкур ҳолатни қуйидагича изоҳлади:
–Маълумки, 2022 йилнинг январь ойида мамлакатимиз пойтахтида 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида қитъа чемпионати ўтказилади. Терма жамоанинг кенгайтирилган таркиби ушбу биринчиликка ҳозирлик кўрмоқда. Ўзбекистон бокс федерацияси мураббийлар штаби тажрибали мутахассисимиз Тўлқин Қиличевни ушбу ёшдаги терма жамоани Осиё чемпионатига тайёрлаш бўйича масъул этиб белгилаган. Шу сабабли бир нечта жаҳон чемпионлари ва олимпия ўйинлари ғолибларининг устози Қиличев Тошкентда Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган боксчилар билан машғулотларни давом эттиради.
Т. Рўзиев,ЎзА