Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Наманган шаҳар ижро этувчи аппарати томонидан фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мурожаатларнинг аксариятида, “Наманган мусаффо иқлим” масъулияти чекланган жамият куз-қиш мавсумида маиший чиқиндиларнинг олиб кетилмаслиги сабабли, истеъмолчиларга ҳеч қандай хизмат кўрсатилмаган. Ўрганишлар давомида ҳақиқатдан ҳам шаҳардаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда мазкур жамият шаҳар филиали ўртасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 ноябрдаги қарорига мувофиқ, оммавий шартнома тузилгани аниқланди.
Аммо, қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг совиши ва табиий газ танқислигининг юзага келиши туфайли, МЧЖ махсус техникалари ёқилғи билан таъминланмаган. Шу боис, 2025 йил 1 январь ҳолатига, баъзи ойларда қатнов жадвали бўйича аҳолига тўлиқ ва сифатли хизмат кўрсатилмаган.
Ўрганиш якунига кўра, “Наманган мусаффо иқлим” МЧЖ шаҳар филиали томонидан келтирилган ўнта маҳалла аҳолисига белгиланган сифатдаги хизматлар кўрсатилмаганлиги сабабли, аҳолидан олинадиган жами 2 миллиард 412 миллион 559 минг 700 сўм тўловларни ундириш бекор қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА